Док-1 Макс сиропини тарғиб қилгани учун ўзбекистонлик шифокорларга миллиардлаб сўм тўланган

zdrav.expert сайти фотосурати

Док-1 Макс йўтал сиропини ишлаб чиқарувчи ҳиндистонлик тадбиркорлар, шунингдек унинг ўзбекистонлик дистрибюторлари дори воситаларини бозорга чиқариш учун шифокор ва фармацевтларга катта миқдорда пул тўлашган. Солиқ қўмитаси вакили ушбу дори воситасини истеъмол қилган болаларнинг оммавий ўлими бўйича навбатдаги суд мажлисида мана шу ҳақда гапирди, деб ёзади Daryo.uz.

Давлат хизматчисининг аниқлик киритишича, сироп ишлаб чиқарувчи корхона шифокор ва фармацевтларни рағбатлантириш учун 5 миллиард сўмдан ортиқ (414 минг доллар) пул ажратган. Компаниядан олинган «бонус» учун шифокорлар беморларда шамоллаш ҳолатларида «керакли» дори-дармонларни ёзишлари ва дорихона ходимлари биринчи навбатда мижозларга тавсия қилишлари керак бўлган. Шу тариқа, соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари қўшимча 122 миллион сўм (10 минг доллар), савдо шохобчалари эса қарийб 2,3 миллиард сўм (192 минг доллар) ишлаб олишган.

Солиқ ходимининг сўзларига кўра, препаратнинг маҳаллий дистрибютори Quramax Medikal МЧЖ Док-1 Макс препаратини Ўзбекистон бозорида илгари суриш учун фаол пул тўлаган. Ушбу мақсадлар учун компания томонидан 13 миллиард сўм (1 миллион доллардан ортиқ) маблағ ажратилган. Бу маблағлар даромад солиқларига тортилгач, МЧЖнинг қўшимча 9,6 миллиард (787 минг доллар) сўмлик солиқ қарздорлиги юзага келган, дейди солиқчи.

Суд жараёнида Quramax Medikal адвокати қарзнинг мавжудлигига эътироз билдиришга уринган. Унинг асосий аргументи шунда бўлганки, бу ҳолатда даромадни маҳсулотни реклама қилган шифокорлар ва фармацевтлар олишган, бироқ негадир солиқ компания зиммасига тушган.

Ўз навбатида, солиқчи Солиқ кодексига кўра, Quramax Medikal МЧЖ солиқ агенти сифатида кўрилганини, шу сабаб шифокорларга тўланган пулдан олинаётган даромад солиғи айнан МЧЖдан ундирилишини маълум қилган.

Аввалроқ судда бренднинг ўзбекистонлик дистрибюторлари нафақат рекламага «сармоя киритишгани» маълум бўлган. Тадбиркорлар назорат органи вакилларига дорини маҳаллий бозорга чиқмасдан олдин мажбурий синовдан ўтказмасликлари учун 33 минг доллар пора берганликларини тан олишган.

ℹ️ 2022 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонда 19 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, бунга Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Док-1 Макс препаратини қабул қилиш сабаб бўлган. Барча қурбонлар олти ёшгача бўлган болалар бўлган. 7 январь куни юқорида тилга олинган сиропни қабул қилган яна бир бола вафот этгани маълум бўлди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, мамлакат ҳудудида тарқатилаётган мазкур дори-дармонлар партиясида этилен гликоль топилган.

Болалар ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Дори воситасини Ўзбекистонга рўйхатдан ўтказиш, олиб кириш ва сотиш билан шуғулланган бир неча шахс қамоққа олинган. Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев ўз лавозимидан четлатилган ва кейин ҳибсга олинган.

Marion Biotech томонидан ишлаб чиқарилган барча дори воситаларининг савдоси тўхтатилган ва Док-1 Макс сиропи импортчиси Quramax Medikal лицензияси бекор қилинган.

ℹ️ Жорий йилнинг август ойида мазкур иш бўйича суд жараёни бошланиши арафасида Олий суд республика бўйича 65 нафар бола юқорида қайд этилган доридан вафот этганини эълон қилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ