Қозоғистонда қизамиқ авж олган – касалланиш даражаси бир ҳафтада 30 фоизга ошган

Видеодан скриншот

Қозоғистонда қизамиқ билан касалланишнинг кескин ўсиши қайд этилган, сўнгги бир ҳафта ичида касалланганлар сони 30 фоизга ошган. Бу ҳақда Қозоғистоннинг «Хабар-24» телеканали Соғлиқни сақлаш миллий маркази маълумотларига таяниб хабар беради.

Шифокорлар 10 минг инфекцияни қайд этишган, уларнинг 80% дан ортиғи 14 ёшгача бўлган болаларда содир бўлган. Беморларнинг аксарияти Олмаота ва Жамбил вилоятларида, шунингдек, Олмаота ва Чимкентда яшайдилар.

«Касалликнинг кўпайишини болаларнинг режадаги эмлаш тадбирини ўтказиб юборишгани, шунингдек ўқув йили бошлангани ва уюшган гуруҳлар ташкил этилгани билан боғлаймиз. Қизамиқ жуда юқумли касаллик бўлганлиги сабабли, касалланиш даражаси ортиб бормоқда. Унинг асоратлари — кўрлик, энцефалит, оғир диарея, улар билан боғлиқ сувсизланиш, қулоқ инфекциялари ва жиддий нафас олиш муаммолари, жумладан пневмонияни ўз ичига олиши мумкин», — дейди Соғлиқни сақлаш миллий маркази шошилинч операциялар маркази директори Жанибек Ербаев.

«Азаттиқ» (Россияда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий хизмати)нинг аниқлик киритишича, жорий йилнинг февраль ойидан бери қозоғистонлик шифокорлар қизамиқ билан боғлиқ 10 мингта ҳолатни қайд этишган.

Октябрь ойида Чимкентда касалликнинг 12 та ўчоғи аниқланган бўлса, ҳозирда 210 ўринга мўлжалланган шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида 196 нафар бемор бор. Шифокорларнинг айтишича, уларга ҳар куни 70-80 га яқин қизамиқ билан касалланган беморлар мурожаат қилишмоқда. Фақат оғир аҳволда бўлганлар касалхонага ётқизилади.

Ақтўбеда оғир вазият юзага келган – Ақтўбе вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг барча 75 ўринлари қизамиқ билан касалланганлар учун ажратилган. Ушбу хасталикка чалинган икки бола оғир аҳволда реанимацияда ётибди, деб ёзади Tengrinews.kz.

ТАСС хабарига кўра, ўтган жума куни Байқўнғир ҳокимлиги Қозоғистонда қизамиқ эпидемияси авж олгани сабабли республика жанубида жойлашган мажмуа хавф остида эканини хабар берган. Шу муносабат билан шаҳарда эмлаш ишларини кучайтиришга қарор қилинган.

Қизамиқга қарши эмлаш ихтиёрийдир, болалар бир ёшида ва 6 ёшида қайта эмланишлари мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ