АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) «Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун» қўшимча 19 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда USAID матбуот хизмати хабар берди.
23 октабрь куни Тошкентга келган ташкилот администратори Саманта Пауэр (Samantha Power) ажратилган маблағлар қуйидагича тақсимланишини айтди:
👉 3,2 миллион доллар «Ўзбекистон силдан холи» беш йиллик дастурини амалга оширишга йўналтирилади. 2002 йилдан бери USAID Ўзбекистоннинг касалликка қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 60 миллион доллар сармоя киритди;
👉 4 миллион доллар Ўзбекистоннинг келажакдаги эпидемиялар ва пандемияларга чидамлилигини ошириш учун COVID-19 чора-тадбирларидан олинган илғор тажриба ва сабоқларни қўллашга йўналтирилади;
👉 3,5 миллион доллар Ўзбекистон иқтисодиётини туризм, ахборот-коммуникация технологиялари ва яшил иқтисодиёт каби мақсадли тармоқларда мустаҳкамлашга йўналтирилади.
«Ушбу дастур иш ўринлари яратиш, иқтисодий инклюзивликни яхшилаш, кичик ва ўрта корхоналар учун экспорт бозорларини ривожлантириш ва капитални жалб қилишга ёрдам беради. USAID аёллар, ёшлар ва ногиронлар учун бизнес очиш ва фаолият юритишда қийинчилик туғдираётган сиёсий ва иқтисодий тўсиқларни бартараф этишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, USAID ўзбек бизнесларига электрон тижорат ва савдони яхшилаши мумкин бўлган Америка технологияларини жорий этишда ёрдам беради», — дейилади ташкилот хабарида.
👉 USAID «Ўзбекистон-2030» стратегиясини қўллаб-қувватлаш ва Марказий Осиё республикасида минтақавий ва маҳаллий ҳокимиятларни мустаҳкамлаш бўйича янги бошқарув дастури орқали АҚШ Конгресси билан ҳамкорлик қилиш учун 3,5 миллион доллардан фойдаланади.
«Дастур ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор билан маҳаллий ҳукумат бюджетлари ва харажатларини ошкоралик билан таъминлаш, ҳукумат амалдорларини янги масъулиятларни ўз зиммаларига олишга ўргатиш, фуқаролар ва ҳамжамиятларни маҳаллий бюджетларни мониторинг қилиш учун зарур бўлган воситалар, кўникма ва ресурслар билан жиҳозлаш мақсадида ишлайди», — деб тушунтирди USAID.
👉 АҚШ Ўзбекистон ҳукуматининг 2025 йилга бориб мактабларнинг 51 фоизини инклюзив мактабга айлантириш мақсадига эришиш учун 4,5 миллион доллар йўналтиради.
«Янги ташаббус доирасида УСАИД ҳукумат, ўқитувчилар, ота-оналар, ногиронлар ва фуқаролик жамиятини бошланғич синф ўқувчиларига энг самарали ўрганишга ёрдам берувчи далилларга асосланган ўқитиш усуллари ва инклюзив таълимни синовдан ўтказиш ва тарқатиш учун жалб қилади», — дейилади USAID матбуот марпкази хабарида.
Саъй-ҳаракатлар инклюзив таълим тамойилларини интеграциялаш, ўқитувчилар, мактаб раҳбарлари ва бошқа мутахассисларнинг малакасини ошириш учун ўқув-услубий материалларни қайта кўриб чиқишга ҳамда бутун дунё бўйлаб инклюзив таълимни ривожлантиришга кўмаклашувчи сиёсат, тартиб ва амалиётларни ишлаб чиқишда Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорлик қилишга қаратилади.
Шу куни Саманта Пауэр Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.
«Мен Президент билан USAID ва АҚШ ҳукумати ўзбек халқи билан ишлаётган турли масалалар юзасидан жуда узоқ ва самарали суҳбатлашдим», — деди Пауэр учрашувдан сўнг.
У Мирзиёевни USAID қарийб 19 миллион доллар сармоя киритаётган лойиҳалар билан таништирган ва у билан иқтисодий ислоҳотлар билан бирга олиб борилаётган сиёсий ислоҳотларнинг аҳамиятини муҳокама қилган.
«Биз АҚШ-Ўзбекистон муносабатларининг келажаги ҳақида гаплашдик, биз буни жуда ва жуда ёрқин деб ҳисоблаймиз. Ўйлайманки, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон бунчалик мустаҳкам бўлмаган ва у кундан кун мустаҳкамланиб бормоқда», — деди Пауэр.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига баҳо бериш сўралганда, USAID администратори «кўп соҳаларда сўнгги беш-олти йил ичида ундан олдинги йилларга қараганда кўпроқ ислоҳотлар амалга оширилганини» таъкидлашни адолатли деб ҳисоблади. Мисол тариқасида, Саманта Пауэр «одамлар кўп йиллар давомида кутган одам савдосига қарши кураш бўйича баъзи ислоҳотлар ва гендер зўравонлик қонунчилигини» келтирди.
«Президентнинг конструктив мухолифат, ўзи жуда қадрлайдиган эркин матбуот олдидаги мажбуриятларини инобатга олган ҳолда, коррупция содир бўлганда уни фош этишга имкон бериш керак. Биз бу соҳаларда олдинга силжиш давом этишини интиқлик билан кутамиз», — дея хулоса қилди Пауэр.
ℹ️ USAID агентлиги АҚШ ҳукумати томонидан 1961 йили Жон Кеннеди ташаббуси билан ташкил этилган. Ташкилотнинг мақсадлари демократия, иқтисодиёт ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашдир. Агентлик фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатади ва дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида можароларнинг олдини олишга ёрдам беради. USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кўпайтириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, жумладан, COVID-19 билан курашиш ва ҳукуматнинг салоҳиятини ошириш билан боғлиқ лойиҳаларда ҳамкорлик қилади.