Мирзиёев «яшил» энергия ҳисобига ичимлик суви таннархини пасайтириш бўйича топшириқ берди

yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев вилоятлар раҳбарлари олдига ичимлик суви нархини арзонлаштириш вазифасини қўйди. Давлат раҳбари сув таъминоти корхоналари қуёш панеллари ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларидан фаол фойдаланилса, кўзланган самарага эришиш мумкинкинлигини таъкидлади. Бу ҳақда 23 октабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди, деб хабар беради Мирзиёев матбуот хизмати.

Таҳлилларга қараганда, бугунги кунда 1 куб метр ичимлик суви таннархи Тошкент шаҳрида 448 сўм бўлгани ҳолда Наманганда қарийб 3 минг сўмни, Самарқанд ва Навоийда 2 минг 600 сўмни ташкил қилади. Сув ишлаб чиқариш таннархида электр энергияси улуши республика бўйича ўртача 27 фоиз. Лекин Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятида бу кўрсаткич юқори.

Мирзиёев кўплаб корхоналар ва фуқаролар аллақачон муқобил энергия манбаларидан, хусусан, қуёш батареяларидан фойдаланаётганини эътироф этди. Бироқ йилига 880 миллион киловатт-соат сув истеъмол қиладиган сув таъминоти корхоналари қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш бўйича етарлича чоралар кўрмаяпти. Президент сўзларига кўра, айни дамда ушбу ташкилотлар электр энергиясини бир кВт/соатини 900 сўмдан (0,074 доллар) сотиб олаётган бўлса, қуёш батареяларидан фойдаланганда унинг нархи 350-400 сўмдан (0,03 доллар) ошмайди.

Яъни, «яшил» энергия манбаларидан фойдаланиш икки баравар арзонга тушади.

Ҳокимлар зиммасига ичимлик суви нархини пасайтириш чора-тадбирларини таъминлаш учун инвесторларни жалб этиш вазифаси юклатилди. Жумладан:

👉 гидротехник иншоотлар атрофидаги бўш жойларга қуёш панелларини ўрнатиш;

👉 эскирган ичимлик суви насосларини энергия тежамкорига алмаштириш;

👉 сув хўжалиги лойиҳаларини амалга оширишда фойдаланиладиган материалларни маҳаллийлаштириш вазифалари қўйилди.

Йиғилишда бу борадаги барча ташаббуслар маҳаллий аҳоли билан муҳокама қилинганидан кейин амалга оширилиши таъкидланди. Жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида лойиҳа қиймати ва пудратчини танлаш ҳақидаги маълумотлар очиқ манбаларда эълон қилинади.

Мутасаддилар қўшимча экин экиш масаласини ҳам кўриб чиқди. Президент таъкидлаганидек, мамлакатда 331 минг гектар боғ ва 153 минг гектар токзор мавжуд. Қатор орасига пиёз, саримсоқ, сабзи, картошка, помидор ёки бодринг экилса, бу аҳолининг қўшимча даромад манбаига айланади. Шу боис вилоятларда йил якунигача 92 минг гектарга тўқсонбости усулида сабзавотлар экиш, бунга уруғлик ва сув етказиб бериш чора-тадбирлари белгиланди.

«Белгиланган чора-тадбирлар сув хўжалиги соҳасининг барқарор ишлаши ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга, пировардида ҳалқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган»,деди президент.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ