Остонада Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти кутубхонаси ҳамда Нурсултон Назарбоевнинг иш қароргоҳи негизида президентлик маркази ташкил этилди, деб хабар беради Tengrinews.kz.
Янги тузилма «мустақил Қозоғистон раҳбарларининг тарихий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш» билан шуғулланади. Унга Назарбоевнинг шахсий архиви ва шахсий кутубхонаси материаллари, шунингдек илгари Биринчи Президент кутубхонасида сақланаётган музей экспонатлари топширилган. Вақт ўтиши билан амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг «тарихий ва маданий қадриятга эга» шахсий ҳужжатлари ва буюмлари янги марказга ўтказилади. Келгусида бу ерда Қозоғистоннинг кейинги президентларидан тегишли материалларни тўпланади.
«Шу билан бирга, марказ фаолияти фақат музей ва кутубхона функциялари билан чекланиб қолмайди. Бу жой Қозоғистон жамиятини ташвишга солаётган энг долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун етакчи эксперт майдончасига айланиши кўзда тутилган», — таъкидлайди президент маъмурияти.
Янги марказ ҳамма учун очиқ ва кириш бепул бўлади.
Қозоғистоннинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоев 2019 йил баҳорида истеъфога чиқишини эълон қилганидан сўнг Оқўрда қароргоҳидан Кутубхона биносига кўчиб ўтган эди. У ерда биринчи президент девони ҳам фаолият юритган. Ўтган йил ёзида Молия вазири Эрулан Жамаубаев унинг тез орада фаолиятини тўхтатишини айтди.
2022 йил январдаги тартибсизликлардан кейин Нурсултон Назарбоев мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги иштирокини деярли тўхтатди. 2023 йил бошида Назарбоев кафолат ва имтиёзлардан, шунингдек барча фахрий мақомлардан, жумладан Элбаси (миллат етакчиси) мақомларидан ҳам маҳрум этилди. Унинг бир қатор оила аъзолари ва унга яқин кишилар жиноий жавобгарликка тортилди, бошқалари давлат лавозимидан айрилди. 2019 йили Назарбоев шарафига Нур-Султон деб аталган мамлакат пойтахти аввалги номи – Остонага қайтди. Бугун Ономастика комиссияси собиқ президентнинг рафиқаси Сара Назарбоева асос солган Баркамол инсон тараққиёти институтини «Өркен» болалар фаровонлиги миллий илмий-амалий институти деб ўзгартиришга рухсат бергани маълум бўлди.