Ақтаудаги кўп қаватли уйда каналарга қарши заҳардан икки бола ўлгани юзасидан жиноий иш очилди

kazpravda.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Актау шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида истиқомат қилаётган аёл каналарни йўқотиш мақсадида заҳар серган, натижада юқори қаватда яшовчи икки бола ҳалок бўлган. Бу воқеа ҳақида маҳаллий «Лада» нашри хабар беради.

Фожиали воқеа еттинчи микрорайонда жойлашган 14-уйда содир бўлган. Одамларнинг сўзларига кўра, 20 октабрь куни хонадонлардан бирининг эгаси Олмаотада каналарга қарши махсус дори сотиб олиб, зарарсизлантириш ишларини олиб борган. Шу билан бирга, аёл қўшниларини ҳам, мулкдорлар кооперативини ҳам процедура ҳақида огоҳлантирмаган. У ҳашаротларни заҳарлаб, квартирани ёпган ва кетган.

Эртаси куни эрталаб юқори қаватда яшовчи оиланинг болалари ўзларини ёмон ҳис қила бошлашган. Шифокорлар тўрт нафар вояга етмаган болани касалхонага ётқизадилар, улардан иккитаси — ўн ойлик ва 2,5 ёшли болани қутқариб қолишолмайди. Касалхонада қолган беморларнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Жабрланган болаларнинг ота-оналари полицияга қўнғироқ қилишган. Аниқлик киритилишича, мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 304-моддаси 3-қисми («Санитария қоидалари ёки гигиена меъёрларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ одам ўлимига сабаб бўлиш») билан иш қўзғатилган.

Бундай жиноят беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қурбонлар яқинларининг сўзларига кўра, терговчилар гумонланувчининг шахсини аниқлаб, сўроқ қилишган. Бироқ, унинг ҳибсга олингани ёки йўқлиги номаълум.

Ушбу ҳодиса фонида полиция яна бир бор фуқароларни фақат мутахассисларни жалб қилган ҳолда ҳашаротларни йўқ қилишга чақирган.

Худди шундай фавқулодда ҳолат авваллари ҳам қайд этилган. 2020 йил январь ойида Ақтау шаҳрида яшовчи одам ўз квартирасида каналарга қарши заҳар ишлатганидан сўнг қўшни боласи заҳарланиб ўлган. Шундан сўнг айбдор икки йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ