Қирғизистон Суриядан 21 аёл ва 62 болани ўз ватанига қайтарди

manas.aeroport.website сайти фотосурати

Қирғизистон ҳукумати «Айкол-3» («Саховат») махсус операцияси доирасида Сурия шимоли-шарқидаги лагерларда бўлган 21 аёл ва 62 болани ўз ватанига қайтарди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қирғизистон фуқароларидан иборат махсус рейс 22 октябрь куни амалга оширилди. Ташқи ишлар вазирлиги ватандошларни ватанга қайтариш дастури мамлакат президенти Садир Жапаров ва Вазирлар Маҳкамаси топшириғига биноан амалга оширилаётганини эслатди.

Қайд этилишича, Қирғизистон томони ушбу тадбирни муваффақиятли амалга ошириш учун ҳар томонлама ёрдам ва моддий-техник ёрдам кўрсатгани учун АҚШ ҳукуматига алоҳида миннатдорлик билдиради. Бундан ташқари, лойиҳада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси иштирок этган.

Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлигининг ёзишича, Қирғизистон делегацияси Суриянинг шимоли-шарқий қисми аҳолисига зарур дори-дармонлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини топширган.

Жорий йилнинг февраль ойида Бишкекка Суриядаги можаро ҳудудидан 59 киши — 18 аёл ва 41 бола олиб келингани хабар қилинган эди. «Айкол-2» миссияси доирасида 31 нафар аёл ва 64 нафар бола ватанига қайтарилди.

«Айкол» операцияси қирғизистонликларни Яқин Шарқ давлатларидан ватанига қайтариш бўйича иккинчи тадбир бўлди. 2021 йил март ойида «Мээрим» операцияси доирасида Ироқдан 79 нафар бола қайтарилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ