Қозоғистонда Аблязов эълон қилган митинглар арафасида ўндан ортиқ фаол ҳибсга олинди

Олмаотадаги митингда. «Фарғона» фотосурати

Қозоғистон шаҳарларида қувғинди банкир Мухтор Аблязов томонидан Республика куни муносабати билан эълон қилинган митинглар олдидан камида 13 нафар фаол маъмурий ҳибсга олинди, деб хабар беради Masa Media.

Асосан, ҳибсга олинганларга «тинч йиғилишлар ўтказиш тўғрисидаги қонунни бузганлик» (Қозоғистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 488-моддаси) бўйича айблов қўйилган. Ушбу модданинг максимал санкцияси 25 кунга ҳибсга олишни ва жаримани назарда тутади.

«Азаттиқ» радиосининг (Россияда хорижий агент сифатида тан олинган минтақавий хизмати) маълумотларига кўра, Нуртай Шегебекули ва Дархон Валиев 18 октабр куни Олмаота шаҳар маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди томонидан ҳар бири 15 суткадан ҳибсга олинган. Улар «митингда қатнашиш ва тинч йиғинлар ўтказиш тартибини бузганлик»да айбланган. Фаоллар 19 сентябрь куни апелляция жараёнида «аэропортни қамал қилиш» иши бўйича айбланувчиларни қўллаб-қувватлаш учун суд биносига келишган.

Фаол Асан Жакупбеков ҳам ушбу модда бўйича 15 суткалик ҳибсга олинган. Май ойида у «Алга, Қозоғистон!» мухолифат партиясини яратиш ташаббускор гуруҳи аъзоси сифатида имзосини тасдиқлаш учун Олмаота Адлия вазирлигига борган.

Остонада 18 октабрь куни тўрт нафар фаол – Мереке Нуғмонов, Аидар Сиздиқов, Марат Темирбеков ва Сеилхан Тусбеков 15 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Суд уларнинг 7 октабрь куни ҳибсга олинган марафончи ва рўйхатдан ўтмаган «Алга, Қозоғистон!» партияси етакчиси Марат Жиланбаевни қўллаб-қувватлаш мақсадида югуришда иштирок этишини тинч йиғинлар тўғрисидаги қонунни бузиш, деб ҳисоблаган.

Кейинроқ пойтахтда яна беш нафар фаол ҳибсга олингани маълум бўлди: Евгений Поневин, Нуржан Кажигалиев, Қанатан Амренов, Джахин Амангелди ва Мади Жилисов. Улар 15 суткага тергов изоляторига жўнатилган.

Айдар Сиздиқовга полиция биносида «ойнани синдиргани учун» қўшимча беш кунлик ҳибсга олиш муддати қўшилган.

Семейда 18 октабрь куни Елдос Дўсанов «полицияга бўйсунмаслик»да (Қозоғистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 667-моддаси) айбланиб, ҳибсга олинган. Суд уни етти суткага қамоққа олишга ҳукм қилган. Дўсанов 4 октабрь куни «Оян, қазақ!» («Уйғон, қозоқ!») фильми намойиши пайтида кинотеатрда нутқ сўзлаган, шунинг учун ҳам унинг устидан шикоят ёзишган. Аноним аризачи Дўсановнинг сўзларини митингга чақириш деб ҳисоблаган.

Ой бошида Францияда яшаётган собиқ банкир ва мухолиф сиёсатчи Мухтор Аблязов Қозоғистонда 25 октабрь куни нишонланадиган Республика куни муносабати билан митинглар ўтказилишини эълон қилган. Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, ўз навбатида, ҳеч қандай митинг ўтказилмаслигига ишонтиради. 24-26 октябрь кунлари ички ишлар органларининг барча шахсий таркиби кучайтирилган хизмат режимига ўтказилади. Мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга 20 мингга яқин ички ишлар ходимларини, шунингдек, Миллий гвардия ходимларини жалб этиш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ