Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши кураш хизмати собиқ адлия вазирини қўлга олди

Марат Бекетаев. nur.kz сайти фотосурати

Коррупцияга қарши кураш хизмати ходимлари Қозоғистоннинг собиқ адлия вазирини мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумон қилиб қўлга олди, деб хабар беради ташкилот ўзининг Telegram-каналида.

Қайд этилишича, собиқ амалдор хорижга ўтказилган активларни топиш ва қайтариш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида ҳибсга олинган.

«У очиқдан-очиқ кераксиз хизматлар кўрсатиш бўйича йиллик шартномалар тузиб, шўъба компания манфаатларини ҳимоя қилган ва бу билан давлатга катта миқдорда зарар етказган», — дейилади Антикор баёнотида.

Ташкилот қўлга олинган шахснинг исмини айтмаган, бироқ маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, гап 2016 йилдан 2022 йилгача Адлия вазирлигида раҳбарлик қилган ва январь воқеаларидан кейин ишдан бўшатилган Марат Бекетаев ҳақида кетмоқда. Шу билан бирга, Nur.kz нашрининг ёзишича, давлат хизматчиси вазирликдаги лавозимидан маҳрум бўлгач, республика Бош вазири маслаҳатчиси этиб тайинланган.

Orda.kz хабарига кўра, Бекетаев 21 октабрь куни эрталаб Остона аэропортида «бировнинг машинасида ва бировнинг курткасини кийиб» келганида қўлга олинган. Аэропортда қозоғистонлик Истанбул орқали Лондонга учиш учун чипта сотиб олган. Бироқ, унинг мамлакатни тарк этишга уриниши муваффақиятсиз тугаган.

Нашрнинг аниқлик киритишича, собиқ вазир кетмаслик тўғрисида тилхатга қўл қўйган. У Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов «ҳомийлиги» остида активларни четга олиб чиқиш билан шуғулланган Bolashak Consulting Group ширкати ишида аввал гувоҳ, кейин эса гумонланувчи бўлган. Маълумки, Масимов шу йилнинг апрель ойида давлатга хиёнат, ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш ва бошқа жиноятлар учун 18 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Шунингдек, Бекетаев Нурсултон Назарбоевнинг жияни, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Самат Абиш билан алоқадорлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор. Айтганча, мазкур собиқ махсус хизмат ходими ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари назарида. Сентябрь ойида Бош прокуратура уни январь воқеалари чоғида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда айблаб, судгача тергов бошлаганини хабар қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ