Жамбил вилоятидаги ўқ-дорилар омборидаги портлашлар учун жавобгар шахслар 9 йилга озодликдан маҳрум этилди

kzl.sud.kz сайти фотосурати

Чимкент ҳарбий суди ҳарбийлар Эрпўлат Туранов ва Асет Аширбайни 2021 йили Жамбил вилоятидаги ўқ-дорилар омборида содир бўлган портлашларда айбдор деб топиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Otyrar маҳаллий нашри хабар берди.

Суд ҳукмига кўра, иккала ҳарбий хизматчи ҳам Қозоғистон Жиноят кодексининг 202-моддаси («Бировнинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки шикастлаш»)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Бундан ташқари, суд аскарларнинг ҳарбий мулкни йўқ қилиш моддаси бўйича айбдорлигини исботлаган, аммо бу ҳолатда уларни «вазият ўзгариши» сабабли жиноий жавобгарликдан озод қилган.

Туранов ва Аширбай жабрланувчиларга қарийб 24,6 миллиард тенге (51,3 миллион доллар) миқдорида товон пули тўлашга мажбур бўлади.

Ҳудудда фавқулодда вазият содир бўлган ҳарбий қисмнинг тўрт нафар офицери ҳам судлов маҳкамасида бўлган. Улардан икки нафари – Эрлан Бошай ва Берик Омарбеков тўлиқ оқланган.

Аслан Бахитжонов ва Руслан Насипкалиев қурол ва хавфли моддалар билан ишлаш қоидаларини бузганликда айбсиз деб топилган. Бироқ, суд уларни хизматдаги эҳтиётсизликда айбдор деб топган, аммо жиноят учун даъво муддати ўтганлиги сабабли иккаласи ҳам жиноий жавобгарликдан озод этилган. Бактижанов ва Насипкалиев қозоқ армиясида подполковник унвонидан маҳрум этилган.

ℹ️ 2021 йил 26 август куни кечқурун Жамбил вилоятининг Бойзак туманидаги ўқ-дорилар омборида фавқулодда ҳолат юз берган. Аввалига ёнғин чиққан, кейин бир неча портлашлар содир бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўқ-дорилар омборида 500 тоннага яқин тротил сақланган. Парчаларнинг тарқалиш радиуси икки километргача бўлган. Яқин атрофдаги қишлоқларнинг 1200 га яқин аҳолиси эвакуация қилинган. Фавқулодда вазият оқибатида 14 киши ҳалок бўлгани, яна бир неча киши бедарак йўқолганлиги ҳақида дастлаб хабар қилинганди.

Ўқ-дорилар омборидаги портлашлар ҳақидаги иш 800 жилдни ўз ичига олади. Суд жараёнида юздан ортиқ гувоҳ сўроқ қилинган. Тергов маълумотларига кўра, икки аскар хоналардан бирига ёнаётган латтани ташлашган, натижада ёнғин келиб чиққан ва бу кетма-кет портлашларга сабаб бўлган. Ҳодиса оқибатида 18 нафар ҳарбий хизматчи ва ўт ўчирувчи ҳалок бўлган. Яна 83 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Ўнлаб одамлар уйларидан ва бизнесларидан айрилган. Расмий маълумотларга кўра, зарар 26 миллиард тенгени (58,1 миллион доллар) ташкил қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ