Қозоғистон ҳукумати хорижлик сайёҳлардан қўшимча солиқ — bed tax тўловини бекор қилишга қарор қилди. Бу тўлов бизнес учун ҳам, меҳмонлар учун ҳам ноқулайлик туғдирмоқда, деб тушунтирган Республика туризм ва спорт вазири ўринбосари Ержан Эркинбоев. Бу ҳақда «Информбюро» нашри хабар берди.
Мулозимнинг қўшимча қилишича,
сайёҳлик тўлови жорий этилган даврда давлат бюджетига қўшимча 500 миллион тенге (1 миллион доллардан ортиқ) маблағ келиб тушган.
Бироқ, шунга қарамай, расмийлар мамлакатга ташриф буюрган хорижликлар учун ушбу тўлов тизимини тўхтатишмоқчи. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, bed tax тўловини бекор қилиш тўғрисидаги буйруққа тезроқ ўзгартиришлар киритилади.
Қозоғистонда сайёҳлик тўлови 2023 йил бошидан жорий қилинган. Дастлаб, меҳмонхонада жойлаштириш учун bed tax тўлови хона нархининг 5 фоизини ташкил этган. Кейин ҳудудларга мустақил равишда 0,2 дан 0,5 ойлик ҳисоб-миқдори (ОҲМ) оралиғида – 690 (1,4 АҚШ доллари) дан 1 725 тенге (3,6 АҚШ доллари) гача солиқ белгилашга рухсат берилган. Таъкидлаш жоиз, Остона ва Олмаота максимал даражани танлаган.
1 октабрдан бошлаб расмийлар меҳмонхона мақоми ва унинг жойлашган жойидан қатъи назар, 1725 тенгелик ягона тарифни жорий қилишди.
Orda.kz нашрининг ёзишича, сайёҳлик тўлови жорий этилиши туристларнинг норозилигига сабаб бўлган. Қозоғистонга турлар сотувчи операторлар мижозлардан кўплаб шикоятлар ола бошлашган. Одамлар нима учун ҳатто «ҳамма нарсани ўз ичига олувчи» пакет учун ҳам қўшимча ҳақ тўлашлари кераклигини тушунишмаган. Меҳмонхоналарда bed tax тўлови учун квитанция берилмагани кўпчиликни қониқтирмаган. Тўлов солиқ ҳисобланмаслиги сабаб, меҳмонхоналар уни олишдан бош тортиши мумкин. Амалда, баъзи тадбиркорлар шундай ҳам қилишди, бу эса вазиятни янада чалкаштириб юборди.