Қозоғистон фуқаролари йил бошидан буён интернет фирибгарларига 11 миллиард тенгедан (23,5 миллион доллардан ортиқ) кўпроқ пулини бериб қўйишган. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири ўринбосари Игорь Лепеха 20 октабр куни бўлиб ўтган парламент эшитувида маълум қилди, дея хабар беради Kazakhstan Today.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари жорий йили 13,7 мингдан ортиқ интернет-фирибгарлик ҳолатларини қайд этишган, бунинг оқибатида 13,5 мингдан ортиқ фуқаро жабрланган. Уларнинг 70 фоизи шаҳар аҳолиси, қолганлари қишлоқ аҳолисидир.
«Жабрланганларнинг ижтимоий мавқеи турлича. Булар давлат сектори ходимлари, давлат хизматчилари, нафақахўрлар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқалардир», — дейди Игорь Лепеха.
2,5 минг интернет фирибгарлигини содир этган 521 нафар шахсни ҳибсга олиш ва жиноий жавобгарликка тортиш амалга оширилган. Жабрланувчиларга 523 миллион тенге (1 миллион доллардан ортиқ) миқдорида кўрилган зарар қопланган.
«Интернетдаги барча фирибгарлик ва он-лайн фуқароларга кредит бериш, шунингдек, уларнинг банкдаги жамғармаларини ўғирлаш хориждан келган жиноятчилар, яъни хорижий интернет фирибгарлари томонидан содир этилади. Улар бизнинг фуқароларимиз учун асосий иқтисодий таҳдиддир», — деди Лепеха.
ИИВ раҳбари ўринбосарига кўра,
ўтган йили Украина ҳудудида қозоғистонликларни алдашга ихтисослашган энг йирик фирибгар call-марказ фош этилган ва тугатилган.
«40 нафар гумонланувчи қўлга олинди, катта миқдордаги компьютер ва бошқа махсус жиҳозлар олиб қўйилди. Ҳозир экспертлар улар алдаган қозоғистонликлар ҳақида маълумот олиш учун уларни блокдан чиқаришмоқда», — деди Лепеха.
Унинг сўзларига кўра, жиноятчилар алдашнинг энг кенг тарқалган тўртта усулидан фойдаланадилар:
👉 товарларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича онлайн рекламаларни жойлаштириш;
👉 фуқароларга қўнғироқ қилиб, ўзларини банк ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари сифатида таништириб, сўнг уларга турли вазиятларни сингдиришади;
👉 турли инвестиция лойиҳаларига фойдали пул тикишни таклиф қилишади;
👉 турли компания ва ташкилотларнинг фишинг сайтларини яратиб, улар орқали кейинчалик фойдаланувчиларга доир махфий маълумотларини олиш.
Пул йиғиш ва ечиб олиш учун фирибгарлар Қозоғистон аҳолиси орасидан «дроппер» деб аталадиган воситачилардан фойдаланадилар.
Уларга бир нечта банкларда ҳисоб очишга кўрсатма беришади, уларга кейинчалик потенциал қурбонлардан пул келиб тушади. Дропперлар (дроппер — фирибгарлар пулини ўз картаси ёки банк ҳисоб рақами орқали ечиб берувчи шахс — тарж.изоҳи) маблағларнинг маълум бир қисмини — 10% гача — ушлаб қолишади, қолганларини эса фирибгарлар томонидан кўрсатилган ҳисобларга ўтказишади.
«Ўғирланган пулларнинг тахминан 90 фоизи шу тарзда олиб қўйилади, уларнинг излари кейинчалик криптовалюта тизимида йўқ бўлиб кетади», — деб тушунтирди Лепеха.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хорижлик фирибгарларга жиноий схемада фойдаланиш учун ўз банк карталарини тақдим этган 929 нафар дропперларни аниқлашга муваффақ бўлишган.
ИИВ раҳбари ўринбосари 2022 йил ноябрь ойида сохта рақамлардан чет эл қўнғироқларини блоклаш механизми ишлаб чиқилиб, ишга туширилганини эслатди.
«Ушбу восита жорий этилганидан бери, яъни 11 ой ичида хорижлик фирибгарларнинг фуқароларимизга ўз жиноий мақсадларини амалга оширишга қаратилган 37 миллиондан ортиқ уринишларига чек қўйилди», — деди Лепеха.
Июль ойидан бошлаб Қозоғистоннинг барча ҳудудларида банклар ва уяли алоқа операторлари билан тўғридан-тўғри ишлайдиган CyberPol ихтисослаштирилган тергов-тезкор гуруҳлари ташкил этилган.
«Бу, шунингдек, жабрланувчиларнинг полицияга ўз вақтида мурожаат қилганида, пулни мамлакат ташқарисига ўтказиш босқичида йўқотиш хавфини камайтиришга имкон беради. Шу тариқа, фирибгарларнинг 200 миллион тенгега яқин маблағни мамлакатдан олиб чиқиб кетишга бўлган уринишларига чек қўйилди», — дейди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари.