Ўзбекистон ҳукумати Россияда мигрантлар болалари учун мактаблар очиш истагини билдирди

glavny.tv сайти фотосурати

Ўзбекистон Президенти Администрацияси ёшлар сиёсати бўлими мудири Қаҳрамон Қуранбоев Россия расмийларидан РФда мигрантлар болалари учун хусусий мактаб ва боғчалар очишга ёрдам беришни сўраган. У лойиҳаларни ўзбек диаспораси молиялаштиришига аниқлик киритган, деб хабар беради ТАСС.

Куранбаев шундай илтимос билан Давлат Думаси вице-спикери Вячеслав Даванковга мурожаат қилган ва мактабларда таълим Россия стандартлари ва ушбу мамлакат қонунчилиги доирасида олиб борилиши режалаштирилаётганини қўшимча қилган. У бу ташаббусни Россияда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари ўз фарзандларини умумий таълим ёки мактабгача таълим муассасаларига жойлаштиришда кўпинча муаммоларга дуч келаётгани билан асослаган.

Қуранбоев, шунингдек, Давлат Думаси вице-спикеридан Россияга бораётган ўзбекистонлик ёш фуқаролар учун миграция тартибларини соддалаштириш масаласини кўриб чиқишни сўраган. Бундан ташқари, мулозим талаба алмашинув дастурларини, жумладан, қурилиш гуруҳлари даражасида ҳам жорий этишни таклиф қилган.

Ўтган йил сентябрь ойида Волгоград мактабларидан бирида Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбайжондан келган меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун биринчи синф очилгани хабар қилинган эди. Бироқ, бундай бўлиниш ҳаммага ҳам ёқмаган. Чет элликларнинг ота-оналари бундай тизимда боланинг рус тилини ўрганиши қийин кечиши мумкинлигидан шикоят қилишган, чунки бола асосан ўз юртдошлари билан она тилида мулоқот қилади. Аралаш синфларда эса болалар тезроқ мослашиб, рус тилида урғусиз гапиришни ўрганишади.

Бошқа томондан, баъзи Россия мулозимлари рус тилини билмайдиган чет элликларни биринчи синфга киритиш ғоясини танқид қилишган. Улар мигрант болалар учун махсус тил курсларини ташкил этишни таклиф қилишган, бу эса мактаб ўқувчиларини умумтаълим муассасаларига қамраб олишда биринчи қадам бўлади.

ℹ️ Ўзбекистоннинг тегишли идоралари маълумотларига кўра, ҳозирда ушбу Марказий Осиё республикасининг икки миллиондан ортиқ фуқароси доимий равишда хорижда меҳнат қилмоқда ва уларнинг 60 фоизи Россияда.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, ўтган йили мигрантлар ўз юртига 20 миллиард долларга яқин пул ўтказишган, транзакцияларнинг 80 фоизи РФ ҳудудида амалга оширилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ