Швециянинг SSAB компанияси Ўзбекистон орқали Россияга пўлат етказиб беришда гумон қилинмоқда

ssab.com сайти фотосурати

Швециянинг SSAB металлургия компанияси Ўзбекистондаги воситачилар орқали Россияга пўлат етказиб бермоқда. Бу ҳақда Dagens Nyheter газетаси божхона ҳужжатларини ўрганиб, ўз текширувини ўтказгандан сўнг маълум қилди.

Нашр журналистлари ўзларини россиялик тадбиркорлар деб SSABнинг Ўзбекистондаги мижози билан боғланишган. Улар пўлат сотиб олиш истагини билдиришган ва жавобан 20 тонна сотиб олиши мумкинлиги борасида таклиф олишган.

Svenska Yle таъкидлашича, Россия ҳукумати Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция (МҲО) ўтказишини эълон қилганидан сўнг, SSAB РФга пўлат етказиб беришни тўхтатишга ваъда берган.

Нашрнинг таъкидлашича, Россияга етиб бораётган пўлат Финляндиядан бошқариладиган SSAB Europe бўлими томонидан жўнатилган. SSAB Europe директори Олави Ҳухталанинг айтишича, компания ўз маҳсулотларини Россияга етказиб бериш ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги SSAB мижозлари эса РФга ҳеч қандай реэкспорт қилмаётганликларига ишонтиришган.

Dagens Nyheter текширувидан сўнг, SSAB компанияси Марказий Осиёнинг тилга олинган мамлакатларидаги мижозларига пўлат етказиб беришни тўхтатган.

ℹ️ SSAB — бу юқори сифатли, мустаҳкам пўлат ишлаб чиқариш бўйича етакчи мавқега эга бўлган глобал пўлат компаниясидир. Йиллик пўлат ишлаб чиқариш ҳажми 8 миллион тоннадан ортиқ. Компания 1978 йили ташкил этилган ва унинг бош офиси Стокгольмда жойлашган.

Аввалроқ Еврокомиссия Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатларга дронларни яратишда қўлланиладиган ва европаликлар маълумотларига кўра, Россияга кириб келаётган компонентлар экспортини тўхтатиш фикрига келганди.

ℹ️ Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари илк бор 2014 йили жорий этилган ва шундан сўнг йилига икки марта — январь ва июл ойларида олти ойга узайтирилган. 2022 йил 24 февралдан бошлаб, Россия Федерацияси МҲО бошланганини эълон қилганидан сўнг, ушбу режим доирасида Россияга қарши 11 та пакет, шу жумладан экспорт чекловлари жорий этилди. Бироқ, оммавий ахборот воситалари ёзганидек, Россияга етказиб бериш тақиқланган товарлар бу мамлакатга МДҲдаги қўшнилари орқали кириб келмоқда. Ўз навбатида, ушбу давлатлар расмийлари Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бериш ниятида эмаслигини бир неча бор таъкидлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ