Тошкент омборидаги портлашдан кўрилган зарар 14,5 миллиард сўмни ташкил этган

Портлаш оқибати (қўшни кўпқаватли уйдан омбор кўриниши). Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Inter Logistics логистика марказида 28 сентябрь куни содир бўлган портлаш оқибатида яқин атрофдаги мингдан ортиқ хонадон ва хусусий бинолар, шунингдек, ижтимоий объектлар зарар кўрган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра тузилган ҳукумат комиссияси ҳисоботида айтилишича, экспертлар томонидан баҳоланган зарар 14,5 миллиард сўмни (тахминан 1,2 миллион доллар) ташкил этган.

163 киши жароҳатланган, улардан 13 нафари оғир тан жароҳати олган. Жабрланганларнинг 24 нафари касалхонага ётқизилган, уларнинг барчаси шифохонадан чиқарилган. Бир ўсмирнинг бошига зарба тўлқидан ойна рамкаси қулаб тушиши оқибатида ҳалок бўлган.

Комиссия маълумотларига кўра, портлаш оқибатида омбор яқинида жойлашган биноларнинг фасадлари, деразалари, эшиклари ва томлари шикастланган. Фавқулодда вазиятдан 39 та кўп қаватли уйдаги 1370 та хонадон, 246 та хусусий уй, 305-мактаб ва 600-сонли болалар боғчаси шикастланган.

«Комплекс суд экспертиза, тергов ва суд жараёнлари якунлангач, аниқланган зарар миқдори айбдор деб топилган жавобгардан қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ундириб олинади», — дейилади комиссия хабарида.

Мутахассислар ёнғин ва ундан кейинги портлашнинг сабаби «кимёвий ўз-ўзидан ёниш» эканини аниқлаганлар: омборда кўплаб кимёвий моддалар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар белгиланган хавфсизлик талабларига риоя қилмасдан сақланган.

Кимёвий тадқиқотлар логистика марказида полиестерлар, ксилен, углеводородлар, натрий гидроксид, водород пероксид, этилен гликоль ва юқори молекуляр оғирликдаги карбоксилик кислота эфирлари мавжудлигини кўрсатган. Ушбу моддалар кимё саноатида, хусусан, бўёқ ва лаклар ишлаб чиқаришда қўлланилади ва портловчи ҳисобланади.

Яқин орада ёнувчан маҳсулотлар, масалан, девор қоғозлари сақланган. Оқибатда кимёвий моддалар ва шунга ўхшаш материаллар таъсирида ёнғин бошланиб, портлаш содир бўлган ва ундан бинонинг металл конструкциялари деформацияланиб, қулаб тушган.

Ҳукумат комиссияси маълумотларига кўра, 12 та ижарачи корхона ўз маҳсулотларини омборхонада сақлаган. Шу сабабли, фавқулодда ҳолатнинг якуний сабабини аниқлаш ва тадбиркорларга етказилган зарарни ҳисоблаш учун барча ҳужжатларни ўрганиш бироз вақт талаб этади.

Комиссиянинг эслатишича, портлашдан сўнг одам ўлимига ва бошқа оғир оқибатларга олиб келган ёнғир хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилган. Айни дамда беш нафар гумонланувчининг шахси аниқланган: тўрт нафари ҳибсга олинган, яна бири гаров эвазига қўйиб юборилган.

ℹ️ 28 сентябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Inter Logistics омборида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига 02:43 (Москва вақти билан 00:43) да хабар қилиб тушнган. Воқеа жойига 16 нафар ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб келган, ёнғин эрталаб соат 5 га келиб ўчирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ