Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутати Мейкинбек Абдалиевнинг фикрича, чорва молларини ўғирлаш оғир жиноят, келин ўғирлаш эса қирғиз миллий одатидир. У 19 октабрь куни парламент йиғилишида ҳайвон ўғирлаш учун жазони 10 йилгача қамоқ жазосини кучайтирувчи қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш муҳокамаси чоғида ўз позициясини шундай билдирди.
24.kg нинг хабар беришича, депутат Дастан Бекешев чорва ўғриларига нисбатан узоқ муддатга қамоқ жазоси берилишига қарши чиқди.
«Агар одам ўғирланган бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Чорва учун эса 12 йилгача қамоқ жазосини таклиф қилишяпди. Бу тўғри эмас. Инсон ҳаёти қимматроқ. Агар инсон қизга уйланиш мақсадида ўғирлаган бўлса, унга етти йил, чорва моли учун эса саккиз йил қамоқ жазоси берилади. Менимча, бу кераксиз санкциялар. Ўта шафқатсиз одам ўлдирганлик учун шундай жазо кўзда тутилган», — дейди Бекешев.
Муҳокама қилинаётган лойиҳа ташаббускорларидан бири бўлган Абдалиев бунга жавобан шундай деган:
«Сиз қизларни олиб қочиш ҳақида гапирдингиз. Бу анъана эканини билмаган бўлсангиз, хафа бўлманг. Қорамолни ўғирлашади, аёлларни ўғирлаб қочишади, лекин уларни сотишмайдику. Уларга уйланишади».
Бекешев, агар қиз ўз хоҳишига қарши ўғирланган бўлса, бу анъана эмас, жиноий ҳаракат, деб эътироз билдирган.
ℹ️ Қирғизистонда мустақиллик йиллари қизларни ўғирлаб қочиш оммалашган эди. Унинг ўз номи бор — ала качуу (олиб қочиш-тарж.изоҳи). Жиноят шундан иборатки, йигит ва унинг дўстлари кўчада бир қизни ушлаб, машинага солиб, уйига олиб қочишади. Кўпинча ўғирланган аёл ҳатто «куёвни» танимайди ҳам. Йигитнинг яқинлари уйда қизни никоҳга рози бўлишга кўндира бошлашади. Жабрланган қизлар кўпинча розилик беришади, чунки эркак уйида бўлиб, кейин ота-онасиникига қайтиш уят, шармандалик ҳисобланади.
Аксарият қирғизистонликлар ҳақиқатан ҳам қизларни ўғирлашни жиноят деб ҳисоблашмайди, улар учун бу миллий анъанадир. Бироқ, тарихчиларнинг таъкидлашича, қадимги қирғизлар ала-качууни фақат қизнинг ўз севгилиси билан ота-онасининг хоҳишига қарши ихтиёрий равишда қочишини шундай аташган. Мажбурий ўғирлашни зўрлаш билан бир хил сўз – «зордук» деб номлашган.
Қирғизистонда ҳар йили юзлаб қизлар ўғирлаб кетилади. Баъзи ҳолатлар фожиали якунланади. Энг шов-шувли воқеалардан бири 2018 йилнинг май ойида ўғирлаб кетилган 19 ёшли Бурулай Турдалиева билан боғлиқ бўлган. Йигит қизни мажбуран машинага ўтқазиб, уйига олиб кетмоқчи бўлади, лекин йўлда уларни милиция ходимлари тўхтатишади. Қўлга олинганлар ички ишлар бўлимига олиб келинганидан сўнг, йигит Бурулайни пичоқлаб ўлдиради ва ўз жонига қасд қилишга уринади. Йигит тирик қолади ва одам ўғирлаш, қотиллик учун 20 йилга қамалади.
2021 йил апрель ойида 26 ёшли Айзада Канатбекова ўғирлаб кетилган. Икки кундан кейин қиз ва уни ўғирлаганликда гумон қилинган йигит ўлик ҳолда топилган. Орган ходимларига кўра, улар ўртасида жанжал келиб чиққан ва йигит қизни бўғиб ўлдирган, кейин эса ўзини пичоқлаган.