Қозоғистон Ғарб санкциялари туфайли Россияга 106 турдаги товарлар экспортини чеклади. Бу ҳақда Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Тўребаев Сенат йиғилишида маълум қилди, деб ёзади LS.kz.
Сиёсатчига кўра, Қозоғистон ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган маҳсулотлар экспортини бутунлай чеклаб қўйган. Бундай маҳсулотларга дронлар, дронлар учун эҳтиёт қисмлар, махсус электроника, чиплар ва бошқалар киради.
Гап қозоқ ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг товарлари ҳақида кетмоқда, дея аниқлик киритади «Интерфакс».
2022 йил 24 февралдан бошлаб, Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошланганидан сўнг, Европа Иттифоқи давлатлари Россиянинг йирик банкларига нисбатан санкциялар, экспортлар чекловлари ва 207 миллиард еврога тенг Россия активларини музлатишга доир 11 та санкциялар пакетини жорий қилди.
Қозоғистон раҳбарияти Москвага бу санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермаслигини бир неча бор таъкидлаган. Апрель ойида республикада кейинчалик реэкспорт қилиш учун келаётган товарларни онлайн кузатиш тизими ишга туширилди. Унинг яратилгани расман эълон қилинмаган, бироқ ОАВ бу ҳақда юқори мартабали хабардор шахсларга таянган ҳолда ёзган, деб таъкидлайди Kursiv.kz.
Тизим ишга туширилгунга қадар ҳам, кейин ҳам Ғарб сиёсатчилари ва расмийлари Остонага келиб, санкцияларга қатъий риоя қилиш зарурлиги ҳақида гапириб, Қозоғистон расмийларига Россияни четлаб ўтган ҳолда бошқа давлатлар билан савдо ҳамкорлигини ривожлантиришни маслаҳат беришган.
Сентябрь охирида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Германияга ташрифи чоғида Остона Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар режимига амал қилишига ишонтирди. Шу билан бирга, эртаси куни давлат раҳбари «Казинформ» агентлигига берган интервьюсида унинг мамлакати Москва билан ҳамкорлик қилиш тарафдори экани ва «Россияга қарши» эмаслигини таъкидлади.