Хитой компанияси Тошкент вилоятида қиймати 1 миллиард долларга тенг электр станциясини қуради

uzgidro.uz сайти фотосурати

China Southern Power Grid International компанияси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қуввати 600 МВт бўлган ГТЭС (Гидро тўплаш электр станцияси) қуради. Хитой компанияси Пекинда «Бир макон, бир йўл» учинчи халқаро форуми доирасида «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти билан қурилиш лойиҳасини ҳамкорликда ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳанинг қиймати 1 миллиард долларга баҳоланмоқда, ГТЭС «Юқори Пскем» деб номланади.

ℹ️ Жорий йилнинг июль ойида юқорида қайд этилган компаниялар ўртасида худди шу номдаги, лекин қуввати 200 МВт ва 120 МВт бўлган ГТЭС қуриш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Худди шу меморандумда яна бир ГТЭС – Қоратерен тилга олинган, унинг қуввати 500 МВт бўлади. Ушбу электр станцияларини қуриш қиймати 1,64 миллиард долларга баҳоланмоқда.

2030 йилгача барча учта ГТЭСни тўлиқ қувват билан ишга тушириш режалаштирилган. Улардан йилига ўртача 3 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу эса 1,6 миллиондан ортиқ аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, 835 миллион куб метрдан ортиқ табиий газни тежаш ва атмосферага зарарли чиқиндилар ҳажмини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.

ℹ️ Аввалроқ Хитойнинг бошқа компаниялари Ўзбекистонда электр станциялари қурилишига қизиқиш билдирган эди. Хусусан, CGGC Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик электр станциясини қурмоқда. CEEC ENERGY CHINA Ўзбекистоннинг учта вилояти – Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуришга 2 миллиард доллар сармоя киритади. Хитой компаниялари консорциуми Тошкент ва Жиззах вилоятида умумий қуввати 2000 МВт бўлган иккита қуёш электр станциясини қуришга 2 миллиард доллар сармоя киритади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ