Қозоғистонда инсон органлари савдоси билан шуғулланган 20 дан ортиқ киши қўлга олинган

polisia.kz сайти фотосурати

Олмаота вилояти полиция департаменти прокуратура билан биргаликда инсон органларини сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди, деб хабар беради Polisia.kz.

Олмаота шаҳри, Олмаота, Жамбил ва Туркистон вилоятларида полиция 22 кишини ҳибсга олган. Улар орасида ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда гумон қилинаётганлар, шунингдек тиббиёт ходимлари, нотариус, реципиентлар ва донорлар бор. Операциялар сохта ҳужжатлар ёрдамида амалга оширилган, дейилади хабарда.

Келишувлар суммаси 6-10 миллион тенгени (17-21 минг доллар) ташкил этган, саккизта шундай факт аниқланган.

Ишда иштирок этган уч киши — ҳисоботда улар «асосий ташкилотчилар» деб аталган — ҳибсга олинган. Тинтувлар натижасида гумонланувчилардан пул, ҳужжатлар, рақамли ахборот воситалари ва бошқа ашёвий далиллар олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси «Тирик одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш ёки ўзга тарзда ишлатиш учун олиб қўйиш ёки қонунга хилоф равишда олиб қўйиш, шунингдек унга нисбатан ноқонуний битимлар тузишга мажбурлаш» бўйича терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу модданинг максимал жазоси — мол-мулкни мусодара қилиш билан 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Қозоғистон қонунчилигига кўра, трансплантация пайтида инсон аъзолари ва тўқималарини сотиб олиш ва сотиш тақиқланади. Ушбу соҳадаги жиноятлар билан боғлиқ сўнгги шов-шувли воқеалардан бири бир неча йил олдин содир бўлган. Унда мамлакатдаги таниқли трансплантолог Ғани Қуттимуратовнинг исми тилга олинган. У трансмиллий уюшган гуруҳда иштирок этишда, инсон аъзолари ва тўқималарини ноқонуний олиб ташлашда гумон қилинган. Тергов маълумотларига кўра, 2017 йили маълум бир хорижий компания Қуттимуратов трансплантация бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Миллий онкология ва трансплантология маркази раҳбарияти билан шартнома тузган. Келишувга кўра, донор ва реципиентлар Қозоғистонга олиб келиниб, уларга буйрак кўчириб ўтказиш операцияси ўтказилади. Терговчилар донорлар (маҳаллий ОАВда булар Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари экани ҳақида хабар берилган) ўз аъзоларини мазкур компанияга сотгани, қабул қилувчилар эса уларни анча катта пулга сотиб олгани, бу «занжир»да шифокорлар ҳам иштирок этганини маълум қилишган.

Бироқ, суд жараёнида маълум бўлишича, Қуттимуратов ҳам, бошқа судланувчи – Чимкент шаҳар 1-сонли клиник шифохонасининг собиқ бош шифокори Абилай Донбай ҳам операциялар ноқонуний ўтказилаётганини билишмаган. Улар барча манипуляцияларни тўғри бажаришган ва тиббий муассасанинг бухгалтерия бўлими орқали тўловларни амалга оширишган. Ишда иштирок этган учинчи шахс Қирғизистон фуқароси Бермет Таисалова уларга донор ва реципиентнинг қариндошлик алоқалари тўғрисида сохта ҳужжатлар тақдим этган. Охир-оқибат у органларни ноқонуний олиб ташлаш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ