Ўзбекистонда президент топшириғига биноан йил охиригача Афғонистонга Амударёда қурилаётган Қўштепа канали бўйича музокаралар ўтказиш учун ташриф буюрадиган ҳукумат делегацияси тузилмоқда. Бу ҳақда делегация таркибига кирган Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов «Газета.uz» нашрига маълум қилди.
Қосимов канал Амударё ҳавзасидаги барча мамлакатларга ўз таъсирини ўтказишини таъкидлади.
«Ҳозирча улар [Афғонистон томони – «Фарғона» изоҳи] канални очгани йўқ, кеча кўрсатганлари бу сизот сувлари эди. Дарёда қурилиш ишларини тўлиқ амалга ошириб бўлишмаган.
Бироқ, хоҳлаймизми, йўқми, сув [ҳажми]га таъсири қилади, камайишига олиб келади. Ўзлаштириш учун ҳали йиллар керак, канални қуришнинг ўзи бўлмайди. Канални қазиганда мутахассислар билан қилиш керак. Улар ҳали ерни ўзлаштиргани йўқ, ер ўзлаштирилиб, сувни ишлатиш жойи бўлиши керак. Ўзлаштириш ҳам катта маблағ талаб қилади. Биз сувнинг бошидамиз, ҳаммага таъсири бўлади, албатта. Унгача [масала] ҳукуматлараро [даражада] кўриб чиқилади», — деди хоким.
Режалаштирилган музокаралар чоғида сув тақсимоти масаласи албатта кўриб чиқилади, деди Қосимов. Ҳозирда ташриф санаси келишиб олинмоқда, Афғонистон томонига хатлар юборилган.
Қосимовнинг қўшимча қилишича, бошқа кичик масалалар ҳозиргача Сурхондарё ва Балх вилоятлари раҳбарлари даражасида ҳал этиб келинмоқда.
«Балх вилояти билан Сурхондарё вилояти ишчи гуруҳлари ойига 2−3 марта учрашиб туради. Ҳукумат даражасига олиб чиқилмайдиган барча кичкина ҳамда чегарадан ўтиш ва қайтишдаги масалаларни жойида бартараф қиламиз. Биласиз, савдо-cотиқнинг асосийси Ҳайратонда бўлади», — деди Қосимов, сўнгги пайтларда бу ерда савдо сезиларли даражада фаоллашганини қўшимча қиларкан.
ℹ️ Қўштепа канали Балх вилоятининг Қалдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилояти орқали Фарёб вилоятининг Андхой туманига ўтади. Унинг узунлиги 280 км, кенглиги 100 м бўлади.
Июнь ойида Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Афғонистонда Қўштепа канали орқали 600 минг гектар ерни суғориш режалари ҳақидаги баёнотлар асоссиз эканини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Толибон 4-5 миллиард куб метр сув талаб қиладиган қарийб 300 минг гектар майдонни суғоришни режалаштирган ва Ўзбекистонни бундай ҳажм қониқтиради.
Сентябрь ойида Оролни асраш халқаро жамғармасининг саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қўштепа билан боғлиқ хавотирларни билдирган эди. У Афғонистонни сув ресурсларини бўлишиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб қилишни таклиф қилди.
«Қўштепа» каналининг фойдаланишга топширилиши «Марказий Осиёдаги сув режими ва мувозанатини тубдан ўзгартириши мумкин», — деди давлат раҳбари. У «Қўштепа канали қурилишининг барча жиҳатларини ва унинг Амударёнинг сув режимига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш»ни таклиф қилди.
ℹ️ Октябрь ойи ўрталарида Афғонистонда 2021 йил августидан буён ҳокимиятни назорат қилиб турган «Толибон»* радикал ҳаракати Қўштепа каналининг биринчи қисми қурилиши якунлангани ва лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди. Афғонистон ҳукумати минтақа давлатларини, хусусан, Ўзбекистонни канал ҳақида ташвишланмасликни сўраган ва муаммоларни «дипломатик каналлар орқали» ҳал қилишга тайёр эканини билдирган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).