БМТ Афғонистонни зилзиладан кейин қайта тиклаш харажатларини ҳисоблаб чиқди

АФҒОНИСТОН ҒАРБИДАГИ ЗИЛЗИЛА ОҚИБАТИДАГИ ВАЙРОНАЛАР. БМТ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Афғонистоннинг октабрь ойида юз берган зилзилалардан зарар кўрган ҳудудларини тиклаш учун 93 миллион доллар керак бўлади, дея хабар беради БМТ ахборот маркази.

Ушбу маблағдан донорлар ва жамғармалар мос равишда 15,5 миллион ва 10 миллион доллар беришга рози бўлди.

7 ва 11 октабрь кунлари Афғонистон ғарбида содир бўлган зилзилалар натижасида 1500 киши ҳалок бўлган (маҳаллий ҳукумат аввалроқ қурбонлар сони 2,4 мингдан ошганини хабар қилган эди) ва 2 мингга яқин киши жароҳат олган.

Зилзиладан у ёки бу даражада 43 мингдан ортиқ одам жабр кўрган, 3330 дан ортиқ уй вайрон бўлган.

Энг кўп зарар кўрган ҳудуд Ҳирот вилоятининг Инжил туманидир. У ерда жабрланганларнинг 23 мингга яқини яшайди (жабрланганларнинг 53 фоизи).

БМТнинг Афғонистондаги гуманитар масалалар бўйича координатори вазифасини бажарувчи Даниэль Эндрес сув таъминоти тизимлари ва қудуқларга жиддий зарар етганини маълум қилди, дея хабар беради «Интерфакс».

Эндреснинг айтишича, вайрон бўлган иншоотлардан катта миқдорда чиқиндилар тўпланиши сувнинг ифлосланишига ва касалликларнинг тарқалишига олиб келиши мумкин. Мамлакатда кечалари совуқ тушмоқда, бироқ уйлари бузилган одамлар бинолар қулаб тушишидан қўрқиб, кўчаларда ухлаяпти, дея қўшимча қилади БМТ вакили.

ℹ️ 7 октабрь куни Афғонистон ғарбида 6,3 магнитудали иккита зилзила содир бўлди. Биринчи кунги зилзиладан асосан Ҳирот вилоятининг тўртта қишлоғи зарар кўрди. 11 октабрь куни мамлакатда яна 6,3 магнитудали зилзила қайд этилди.

Хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон Афғонистоннинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудларига инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Ўзбекистон 100 тонна гуманитар ёрдам юборди. Қозоғистон салкам 1700 тонна озиқ-овқат, чодир, кўрпа-тўшак ва кийим-кечак совға қилди. Туркманистон ҳукумати биринчи навбатда афғон болалари учун дори-дармон ва биринчи тиббий ёрдам воситалари, тўқимачилик маҳсулотлари ва озиқ-овқатдан иборат инсонпарварлик ёрдами юборилгани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, Тожикистон ҳукумати жабрланган афғонларга инсонпарварлик ёрдами жўнатиш ниятида эканини маълум қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ