Хитой Қозоғистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпин Пекинда қозоғистонлик ҳамкасби билан музокаралар чоғида маълум қилди, деб хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.
«Халқаро вазият қандай ўзгармасин, Хитой ва Қозоғистон ўзларининг асл интилишларига содиқ қоладилар ва бир-бирларига ёрдам беришади», — деб таъкидлади Си Цзиньпин ва дўстлик йиллари давомида икки мамлакат «абадий ҳар томонлама стратегик шериклик» қуришга муваффақ бўлди.
Тўқаев, ўз навбатида, Хитой ва Қозоғистон барча соҳаларда самарали давлатлараро ҳамкорликни йўлга қўйганини айтиб, икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми сезиларли даражада ошганини қайд этди.
«Хитойнинг жадал тараққиётини биз кўтаринки руҳда кузатиб борамиз. Сизнинг доно раҳбарлигингиз остида Хитой етакчи жаҳон давлатига айланишдек юксак мақсадига эришиш сари ишонч билан яқинлашмоқда», — деди Тўқаев Си Цзиньпинни келгуси йили Қозоғистонга давлат ташрифи билан таклиф қилар экан.
Тўқаев 17-18 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган «Бир камар, бир йўл» учинчи халқаро ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун Пекинга ташриф буюрган. Қозоғистон раҳбари ва Хитой Халқ Республикаси Раиси ўртасидаги бугунги музокаралар якунида икки давлат делегациялари бир қатор ҳужжатларни, хусусан Транскаспий халқаро транспорт йўналишини, жумладан контейнер ташишни ривожлантириш битим, Хитой ва Европа ўртасидаги поездлар; Қозоғистондан Хитойга рапс экспорти учун фитосанитария талаблари тўғрисидаги протокол, шунингдек, Тачэн – Аяғоз темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича меморандумни имзоладилар.
Таъкидлаш жоиз, бундан бир йил аввал Қозоғистон пойтахтида Қосим-Жўмарт Тўқаев билан бўлиб ўтган учрашувда Си Цзиньпин Хитой Қозоғистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган эди. У, шунингдек, ХХР «халқаро вазият қандай ўзгаришидан қатъи назар» қўшни республикани қўллаб-қувватлашига ишонтирганди.