Фарғона вилоятида чегарачилар контрабандачиларни қўлга олиш вақтида икки кишига ўқ узган

uznews.uz сайти фотосурати

Фарғона вилояти Фарғона тумани Водил қишлоғида хизмат қилаётган чегарачилар Қирғизистондан ноқонуний равишда «товар-моддий бойликлари» олиб келаётган фуқароларни аниқлашган. Ҳарбийлар уларни ҳибсга олишга уринган, бироқ маҳаллий аҳоли гумонланувчиларга ёрдамга келишган. Юзага келган жанжал чоғида чегарачилар кучли қаршилик кўрсатган икки кишини ўққа тутган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати ўзининг Телеграм- Telegram-каналида маълум қилди.

Воқеа 16 октабрга ўтар кечаси содир бўлган. «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида чегарачилар Қирғизистон йўналишидан келаётган автомашинани тўхтатишади. Машинада икки маҳаллий фуқаро бўлган.

Чегарачилар автомашинани кўздан кечириш чоғида республикага ноқонуний олиб кирилган товарларни аниқлашган. Бироқ, контрабандада гумон қилинган шахслар вазиятга ойдинлик киритиш учун бўлимга боришдан бош тортишади. Боз устига, машина ёнида яна ўнга яқин маст одам тўпланиб, ҳарбийларга ҳужум қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, ҳарбий хизматчилар турли кўринишдаги тан жароҳатларини олган. Кучлар тенг бўлмагани боис, улар ўқотар қурол ишлатишга мажбур бўлишган. Таъкидланишича, аввал ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узилган. Аммо бу ҳужумчиларни тинчитмаган, шундан сўнг ҳарбий хизматчилар оломонга қарата ўт очади. Натижада икки фуқаро воқеа жойида вафот этган. ДХХ матбуот хизмати ҳалок бўлганлар контрабандада гумон қилинган одамлардан бўлганми ёки қўлга олинганларга ёрдамга келган маҳаллий аҳоли вакилларидан бўлганми, бунга аниқлик киритмаган.

Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ