Назарбоевнинг собиқ қудаси Остонадаги 4 юлдузли меҳмонхонани давлатга топширди

ММА матбуот хизмати видеосидан кадр

Қозоғистонлик тадбиркор Қайрат Боранбаев ўз ихтиёри билан қиймати 1,4 миллиард тенгедан (тахминан 3 миллион доллар) ортиқ бўлган Comfort Hotel Astana меҳмонхона мажмуасини давлат мулкига ўтказди. Бу ҳақда Молиявий мониторинг агентлиги (ММА) матбуот хизмати хабар берди.

Майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган меҳмонхона Қозоғистон пойтахти марказида жойлашган бўлиб, унинг йиллик пул айланмаси деярли 900 миллион тенгени (1,9 миллион доллар) ташкил этади.

«Мазкур иншоотдан амалдаги қонунчиликка мувофиқ ижтимоий мақсадларда фойдаланиш, дам олиш, соғломлаштириш ва таълим марказлари ташкил этиш режалаштирилган», — дейилади матбуот хизмати хабарида ва активларни қайтариш бўйича ишлар давом эттирилаётганини таъкидлайди.

Машҳур қозоқ олигархи Қайрат Боранбаев мамлакатнинг энг бой ва нуфузли 50 нафар тадбиркори қаторидан жой олган. Унинг қизи 2020 йил август ойида вафот этган собиқ президент Нурсултон Назарбоев набираси Ойсултонга турмушга чиққан эди.

2022 йил март ойи ўрталарида газ етказиб бериш вақтида «Qazaq Gaz» (собиқ КазТрансГаз) миллий компаниясидан йирик миқдордаги маблағни ўғирлаган тадбиркор қўлга олинган. Орадан бир йил ўтиб, Остона суди Боранбаев ва мазкур иш бўйича яна икки айбланувчининг ҳар бирини ўртача тартибли колонияда жазо ўташ шарти билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилди. Июль ойида Остонадаги жиноий ишлар бўйича суд ҳайъати ҳукмни бекор қилганди.

Сентябрь ойида Молиявий мониторинг агентлиги Боранбаев ихтиёрий равишда 90 миллиард тенгедан (195,4 миллион доллар) ортиқ мол-мулкни давлатга қайтариб бергани ҳақида хабар берган эди.

Улар орасида нефть кони, газ тақсимлаш корхонаси, хизмат кўрсатиш корхонаси, меҳмонхона ва савдо-кўнгилочар мажмуалари, фитнес марказлари тармоғи, офис бинолари ва бошқалар бор эди. Буларни ҳисобга олиб, сентябрда суд Боранбаевни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ