Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги Каспий денгизи соҳилига 59 та тюлен ва 67 та осетр (бакра) балиқларининг жасадлари қалқиб чиққан. Бу ҳақда республика Экология ва табиий ресурслар вазири Эрлан Нисанбеев маълум қилди, деб ёзади Zakon.kz.
«Денгиздаги бўрондан сўнг улар қирғоққа қалқиб чиққан. Жасадлар ҳолатидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, ҳайвонларнинг ўлими турли вақтларда содир бўлган ва улар турли даражада ириб кетган. Шу боис, бугунги кунда у ерда ўзаро ҳамкорлик схемаси доирасида илмий-тадқиқот институти, тюленларни ўрганиш ва реабилитация қилиш маркази, маҳаллий давлат органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ишламоқда. Балиқчилик қўмитаси вакиллари вазиятни ўрганиб, зарур ҳаво, тупроқ ва сув намуналарини олди», — дейди вазир Марказий коммуникациялар хизмати (МКХ)да бўлиб ўтган брифингда.
Шу билан бирга, Нисанбаев нефть чиқиндилари туфайли тюленлар ва балиқлар нобуд бўлиши мумкинми, деган саволга жавоб беришга қийналди.
«Факт ҳақида гапирайлик: ўтган йили ҳам тюленларнинг ўлими қайд этилганди. Бунинг сабаби ўткир пневмония бўлгани аниқланди. Шунинг учун бугунги кунда биз сабабни турли касалликларда кўрамиз. Аммо тўғридан-тўғри таъсирга келсак, мен ҳали жавоб беришга тайёр эмасман», — деди у.
Экология ва табиий ресурслар вазирлигининг Балиқчилик қўмитаси бир кун аввал ўнлаб тюлен ва осетр балиқларининг жасадлари топилгани ҳақида хабар берган эди. Балиқчилик инспекторлари уларни Тупқораган туманида, Баутино қишлоғи яқинида топишган.
Ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонлар турларининг ўлими бўйича жиноий иш очилган.
Каспий тюлени Қозоғистон Қизил китобига киритилган. Олимларнинг маълумотларига кўра, ҳозирда Каспий денгизининг Қозоғистон сектори сувида 240 мингдан ортиқ тюлен яшайди. Бу ҳайвонларнинг оммавий ўлиши деярли ҳар йили содир бўлади. Мутахассислар мумкин бўлган сабаблар сифатида юк ташиш, денгизнинг ифлосланиши, микропластика ва балиқ овлаш тўрлари мавжудлигини кўрсатадилар, зеро тюленлар тўрларга чигаллашиб қолади ва жароҳатланади.