Ҳибсдаги блогерга айбловлар қўшилди, иши судга оширилди

Блогер Олимжон Ҳайдаровнинг қўлга олишнган пайти. "Газета.uz" сайти фотосурати

Июль ойи охирида товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган қўқонлик блогер Олимжон Ҳайдаров иши бўйича тергов ниҳоясига етди. Материаллар жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судига ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидовга таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Абидовнинг нашрга айтишича, тергов органи 10 октябрь куни Ҳайдаровга нисбатан айблов хулосасини тасдиқлаган. Блогерга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «б» банди («кўп йирик миқдорда товламачилик қилиш») билан қўшимча равишда яна учта айблов қўйилган:

👉 165-модда 2-қисмининг «а» банди («такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш»);

👉 139-модда 3-қисмининг «а» банди («оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш»);

👉 140-модда 3-қисмининг «а» банди («жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш») бўйича.

Ҳайдаров 10 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Блогернинг адвокати Дилшод Жабборовнинг сўзларига кўра, тергов давомида айбловларнинг ҳеч бири тасдиқланмаган.

ℹ️ Олимжон Ҳайдаров 29 июль куни Қўқонда қўлга олинган. Ўша куни Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди блогерни ҳибсга олишга қарор қилган.

Қарорда айтилишича, жорий йилнинг июнь ойида «Қўқон Истиқлол» савдо мажмуасига ёнғинни ўчириш учун келган ўт ўчириш машиналари етиб бора олмаганидан сўнг, блогер савдо расталари кенгайтирилиши муносабати билан савдо майдончалари қисқартирилгани ҳақида танқидий мақола тайёрлаган. Шундан сўнг, суд қарорида айтилишича, Ҳайдаров бозор раҳбарларини танқидий материаллар чоп этиш билан таҳдид қилиб, маълумот тарқатмаслик эвазига 10 минг доллар талаб қилган. Блогер 5000 доллар олган ва яна 2500 доллар олаётган пайтда қўлга олинган.

Суд мажлисида иштирок этган Қўқон шаҳар прокурори ўринбосари Отабоевнинг айтишича, блогер Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-модда 2-қисми «б» банди («ўта катта миқдорда товламачилик», 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш назарда тутилган) билан жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда. Прокурор гумонланувчини ҳибсга олишни сўраган, чунки бу жиноят оғир ҳисобланади ва Ҳайдаров озод бўлса, тергов ва суддан қочиши, шунингдек, «ҳақиқатни аниқлашга» халақит бериши мумкин.

Ҳайдаров тергов изоляторига қамалган ва у ерда дарҳол норозилик сифатида очлик эълон қилган.

Ҳайдаровнинг укаси Салимжон акасининг ҳибсга олингани ҳақида ижтимоий тармоқлардан билганини айтган. Кейинроқ акаси Қўқон шаҳар ИИБдан қўнғироқ қилиб, таниши билан гаплашиб турганда кўчада ушланганини айтган. «Ички ишлар ходимлари уларга яқинлашиб, акамнинг қўлларини орқага қайирган, машинага пул ташлаб, қўлларини унга теккизишга мажбурлашган», — дейди Салимжон.

ℹ️ Олимжон Ҳайдаров аввал ҳам жавобгарликка тортилган. Ўтган йил декабрь ойида суд блогерни митинглар ўтказиш тартибини бузгани ва ёлғон маълумотлар тарқатгани учун 21 миллион сўм (1900 доллар) миқдорида жаримага тортган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ