Қозоғистон ўз ҳудуди орқали Россия ёғоч маҳсулотларининг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга транзитини тўхтатди. Бу ҳақда «Ведомости» нашри хабар берди.
Сентябрь бошида транзит тўхтатилган. Нашр буни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг ўз мамлакатининг Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар режимига амал қилиш нияти ҳақидаги баёноти билан боғлайди.
Қозоғистон орқали экспорт Россия ёғочни қайта ишлаш корхоналари маҳсулотларининг 40 фоизини ташкил қилади, бу ҳозирги вақтда ягона экспорт йўналиши. Россия Мебель ва ёғочни қайта ишлаш саноати корхоналари уюшмаси прогнозларига кўра, транзит билан боғлиқ муаммолар ёғочдан ясалган панеллар ишлаб чиқаришни норентабел қилиши сабаб, октябрь охиригача ишлаб чиқаришнинг тўхтатилишига олиб келиши мумкин.
Шимолий-Ғарбий Федерал округи корхоналари оғир вазиятга дуч келган, улар санкциялар жорий этилгунга қадар Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулот етказиб беришган, кейин эса Марказий Осиё мамлакатларига қайта йўналтиришга мажбур бўлишган.
«Марказий Осиё – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон – Россия экспорти бўйича ҳозирда биринчи рақамли бозор... Бироқ сўнгги ойда бу йўналиш деярли тўсиб қўйилди – 2023 йил сентябрь ойининг биринчи кунларидан бошлаб «ҚазТЙ транзитни жанубга россияликлар юкларини тўхтатди. Вазият яқин бир неча ҳафта ичида ҳал этилмаса, Россия ёғочни қайта ишлаш саноати ўз фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкин», — дея уюшма бош директори Тимур Иртугановдан иқтибос келтиради «Российская газета».
«Қозоғистон йўналишида ҳамма нарса тўсиб қўйилган — нефть маҳсулотлари ва ғалла солинган вагонлар, контейнерлар туриб қолган», — дея қўшимча қилади Иртуганов.
Череповец фанера ва мебель фабрикасида (ЧФМФ) Қозоғистон транзит юкларни ташиш учун ҳужжатларни тасдиқламаётганини айтишган.
«Яъни, Қозоғистоннинг ўзига маҳсулот экспорт қилиш мумкин, лекин бундан кейин Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистонга экспорт қилиш мумкин эмас. Нима бўлаётгани аниқ эмас; у ерда ўтказиш қобилияти етарли бўлиши керак. Афтидан, бу Қозоғистондаги вазият билан боғлиқ», — дея тахмин қилади ЧФМФ юк ташиш бўлими бошлиғи Александр Котрюмин.
«Плитный мир» компаниясининг ривожланиш бўйича директори Александр Гибежнинг фикрича, вазият ўта оғир даражага яқинлашиб қолган. «Бизда 2022 йилдан бери барча ташқи бозорлардан фақат Марказий Осиё қолган эди. Аммо сентябрь ойида Қозоғистон темир йўл орқали транзит ташишга чекловлар киритганидан сўнг, биз Ўзбекистон ва ундан ташқаридаги харидорларга маҳсулот жўната олмаяпмиз», — деб тушунтиради Гибеж.