Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳри собиқ мэри уюшган жиноий гуруҳга алоқадорлигини тан олди ва «ўғрилар ғоялари»дан воз кечди

Мирлан Маратов, видеоёзувдан кадр

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Чўлпон-Ота шаҳрининг собиқ мэри Мирлан Маратов Қамчибек Кўлбаевнинг уюшган жиноий гуруҳига алоқадорлигини очиқчасига тан олди. Ижтимоий тармоқларда унинг мурожаати акс этган видео пайдо бўлди, деб ёзади Kaktus.Media.

«Мен, 1976 йили туғилган Маратов Мирлан Ильичевич, Чўлпон-Ота шаҳрида туғилганман, Қамчибек Кўлбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзоси сифатида рўйхатга олинганман. Бугун мен ўғриларнинг ғояларидан воз кечаман ва Қирғизистон қонунларига бўйсиниб яшашга сўз бераман», — дейилади видеода.

Ҳозирда Маратов фирибгарлик жинояти бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича ҳибсга олинганидан сўнг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида (ВСҲ) сақланмоқда. Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг 13 октабрь куни хабар беришича, 2021 йил кузида Маратов Бишкеклик фуқародан «Лексус» автомобили, техпаспорт ва ишончномани гаровга қолдириб, 10 минг доллар қарз олган. Аммо тез орада у шошилинч ишларини ҳал қилиш учун автомобилини қисқа муддатга беришини сўрайди ва ғойиб бўлади, чет эл машинасини бошқа шахсга сотиб юборади.

«Мазкур фуқаро аввали ҳам жиноий жавобгарликка тортилган, криминал авторитетлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган, илгари шаҳар ҳокимлиги раҳбари бўлган», — дейилади ИИВ хабарида.

Мирлан Маратов 2010—2013 йиллари Чўлпон-Ота шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи бўлган. У 2015 йилги парламент сайловлари куни – 4 октябрда Бишкек ички ишлар бош бошқармасига қўнғироқ қилиб, бешта сайлов участкасида бомба борлиги ҳақида хабар бергани билан ҳам танилган. Сигнал нотўғри бўлиб чиққан. Кейинроқ Маратов маст ҳолда полицияга қўнғироқ қилганини тан олган.

2020 йили Маратов «маконим Қирғизистон» партиясидан Жогорку Кенеш (парламент) депутатлигига номзодини қўйган. Шу билан бирга, унинг тўртта ширкати борлиги маълум бўлган: «Мантай Медиа», «АЛТАЛ», «Орол этномаданий спорт-соғломлаштириш мажмуаси» ва «РосБетон». Охирги иккита компанияни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Қамчибек Кўлбаевга тегишлигини маълум қилган ва «Орол»ни 20 миллион долларга ва «РосБетон»ни 1,5 миллион долларга баҳолаган.

ℹ️ 49 ёшли Қамчибек Кўлбаев Қирғизистондаги энг машҳур криминал босслардан бири бўлган. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва Қўшма Штатлардаги мол-мулки мусодара қилиниши керак бўлган собиқ СССР мамлакатларининг энг кучли 10 та жиноят раҳбарлари қаторига киритган. Кўлбаевни ҳибсга олиш ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг «молиявий оқимини тўхтатишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилинган.

Кўлбаев 4 октабрь куни хавфсизлик кучларининг махсус амалиёти чоғида ўлдирилган. Эртаси куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини «кимки жамиятга қарши бош кўтармоқчи бўлса, қаттиқ жазоланишидан» огоҳлантирган.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда Қирғизистондаги бошқа криминал авторитетларнинг видеомурожаатлари пайдо бўла бошлади, улар жиноий мақомдан воз кечишларини эълон қилишган ва қонунларга амал қилишга ваъда беришган.

Ҳар куни уюшган жиноий гуруҳга алоқадорликда гумон қилинган шахсларнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Хусусан, қуйидагилар ушланиб, тергов изоляторига юборилди:

👉 қурилиш компаниялари раҳбарлари — Тимур Файзиев (Elite House), Эрнис Минкеев («Авангард стиль»), Чўлпонбек Акматов («Эмарк Групп»);

👉 Қирғизистон юнон-рум кураши федерацияси вице-президенти Ахрор Иминов;

👉 «Гознак» компанияси директори ўринбосари ва 15 та компания эгаси Олег Подобедов;

👉 «Аврора групп» компанияси эгаси Азрет Боотаев;

👉 божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Замирбек Қорашев ва бошқа бир қатор фуқаролар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ