Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида Ўзбекистон билан чегарадош Қўштепа каналининг биринчи қисмини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.
«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул-Ғани Барадарнинг маросимда таъкидлаганидек, Қўштепа каналининг ишга туширилиши унинг мамлакати учун сув ресурсларини бошқариш учун зарур.
«Толибон» вакиллари ўз чиқишларида Марказий Осиё минтақаси давлатлари, хусусан, Ўзбекистонни ушбу канал қурилиши ҳақида хавотирга тушмасликни сўрадилар.
Қўштепанинг биринчи участкасининг узунлиги 108 километр бўлиб, қурилиши белгиланган муддатдан 8 ой олдин якунланди. Амударёдан сувни бошқа томонга бурадиган каналнинг умумий узунлиги 285 километрни ташкил этади.
Айни пайтда Ma’no тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев Қўштепа ишга туширилгандан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари учун сув тақчиллиги юзага келиши сабабли кескинлик кучайишидан хавотир билдирди. Унинг эслатишича, минтақа давлатлари Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув комиссияси доирасида келишилган квоталар бўйича сувни баҳам кўради. Бироқ , Амударёнинг боши бўлган Афғонистон ҳеч қандай келишувлар билан чекланмаган ва қўшни давлатларни ҳисобга олмасдан сув олиши мумкин.
Сентябрь ойида Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу хавотирлар билдирилган эди. У Афғонистонни сув ресурсларини бўлишиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб қилишни таклиф қилди.
Бунга жавобан толиблар ҳукуматидаги Сув хўжалиги ва энергетика вазирлиги раҳбари Абдул-Латиф Мансурнинг айтишича, ҳозирги афғон ҳукумати Амударёдан сувни тортиб олиш бўйича ҳеч қандай келишувлар билан чекланмаган.
«Шавкат Мирзиёевнинг Амударё ва Қўштепа канали сувлари билан боғлиқ хавотирлари келишув бўйича мажбуриятлар бузилган тақдирда ўринли бўлар эди. Аммо бу ҳолатда биз ҳеч қандай мажбуриятларни қабул қилмадик. Ҳеч қандай келишув йўқ. Шунинг учун биз ўзимиз зарур деб билган нарсани қиламиз», — деди Мансур.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).