Ўзбекистон Šкодадан ўттизта, Hyundai Rotemдан эса олтита электропоезд сотиб олади

«Ўзбекистон темир йўллари» ва Škoda Group ўртасида келишув имзоланиши. Škoda Group матбуот хизмати фотосурати

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва Чехиянинг Šкода гуруҳи ўртасида 320 миллион евролик 30 та электропоезд етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистон-Чехия бизнес-форуми доирасида имзоланди, деб хабар беради Kurier Kolejowy нашри Чехия компаниясига таяниб.

Белгиланганидек, келаси йилдан кенг ўлчамли (1520 мм) йўллар учун тўрт вагонли поездлар ишлаб чиқариш бошланади. Асосий қисмларни ишлаб чиқариш Остравадаги заводда, вагонларни йиғишнинг бир қисми эса Ўзбекистонда амалга оширилади.

Вагонлар қисман паст полли, Wi-Fi, шунингдек, ички ва ташқи видеокузатув тизимлари билан жиҳозланган бўлади. Šкода гуруҳи Латвия ва Эстония темир йўл операторлари учун шунга ўхшаш поездларни ишлаб чиқаради.

Таъкидлаш жоиз, имзоланган шартнома Чехия компанияси томонидан Ўзбекистонда тузилган энг йирик шартнома ҳисобланади.

Айни дамда Чехия Республикасида расмий ташриф билан бўлиб турган Марказий Осиё республикаси ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов Škoda Group компаниясидан поездлар сотиб олиш бўйича келишувни Ўзбекистон темир йўллари учун инқилобий қадам деб атади.

«Бу ҳамкорлик истиқболли ҳамкорликнинг бошланиши, холос. Биз Šкода компаниясининг Ўзбекистонда улкан салоҳиятга эга эканини биламиз», — деган Бош вазир.

Бир кун аввал Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компанияси билан 6 та тезюрар электропоезд харид қилиш бўйича шартнома тузмоқчи экани маълум бўлди. Шу мақсадда ноябрь ойида Корея Республикасининг Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди (EDCF) ҳисобидан 35 йил муддатга 185 миллион евро миқдорида кредит жалб этиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон-Чехия бизнес-форуми доирасидаги олий мартабали Ўзбекистон делегациясининг ташрифи якунлари бўйича умумий қиймати 800 миллион евродан ортиқ бўлган сармоявий ва савдо шартномалари имзоланганини қўшимча қиламиз.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ