«Евроньюс» телеканали XV Тошкент кинофестивали ҳақида сюжет тайёрлади

Репортаж. euronews.com сайти фотосурати

«Евроньюс» телеканалида CULT дастурида Ўзбекистонда бўлиб ўтган «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент кинофестивали ҳақида телерепортаж намойиш этилди.

Европалик журналистлар ўз ҳикояларида кинофестиваль иштирокчилари, жумладан, «Такси» кинофраншизасининг француз актёрлари Сами Насери ва Фредерик Дифенталь, кинофестиваль ҳакамлар ҳайъатига раҳбарлик қилган польшалик режиссёр Кшиштоф Занусси, британиялик режиссёр Ҳасан Назер, ўзбекистонлик режиссёр, «Марказий Осиё киноси» танловининг биринчи мукофоти Шокир Холиқов, шунингдек, XV Тошкент кинофестивалининг бош директори Фирдавс Абдухолиқов билан суҳбатлар уюштиришган.

«Ўтган кинофестиваль дунёнинг 52 давлати кинематографларини «Тинчлик, тараққиёт ва маърифат» шиори остида бирлаштирди. Бу Президентимизнинг ташаббуси. Ўзбекистон ҳамиша Ипак йўлининг юраги, ғоялар ва бунёдкорлик алмашинуви учун цивилизациялар қоришма қозони бўлиб келган. Фестиваль анъаналар давомидир», — дейди Абдуҳолиқов.

Зануссининг сўзларига кўра, Тошкент фестивали бугунги кунда дунёдаги энг яхши фестиваллардан бири бўлиб, у бошқа ҳеч қаерда кўринмайдиган картиналарни кашф қилиш имконини беради.

«Марказий Осиё фильмлари Европада йўқ, биз уларни кўрмаяпмиз, лекин фестивалда биз муаллифлар ва уларнинг асарлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўляпмиз», — деб таъкидлайди режиссёр.

Катта ҳамкасби фикрига Шокир Холиқов қўшилади, унинг фикрича, Марказий Осиёда ҳали ҳам айтилмаган, кўрилмаган мавзулар кўп, кинофестиваль ёшлар учун яхши имкониятдир.

«Евроньюс» кинофестиваль доирасидаги кенг кўламли таълим дастури ҳақида гапирди. Дунёнинг 50 дан ортиқ киноижодкорлари ёшларга маҳорат сабоқлари берди. Шундай қилиб, Ҳасан Назер профессионал бўлмаган актёрларни қандай суратга олиш кераклигини тушунтирди ва Насери бошқаларнинг маслаҳатига қулоқ солмасдан, инсон ўз орзуи сари интилиши кераклигини айтди.

Сюжетда МДҲ давлатларидан 7 та жамоа иштирок этган ва озарбайжон йигитлари «100 қадам» фильми билан ғолибликни қўлга киритган «Кино беш кун ичида» ёш киноижодкорлар танловига ҳам эътибор қаратилди.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ