2024 йил январидан Ўзбекистонда темир йўл чипталари бозор нархига бўлади

railway.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати 2024 йил 1 январдан бошлаб тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти тармоғини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига таяниб, Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат, шунингдек, юк вагонлари ва контейнерлар билан таъминлаш тарифларини давлат томонидан тартибга солишни тўхтатиш ҳамда маҳаллий, экспорт ва импорт темир йўл юклари учун тарифлар бўйича чегирмаларни бекор қилишни назарда тутади.

Келгуси йил 1 январидан бошлаб чегирмалар фақат ҳукумат қарори билан амалга оширилади. Икки ёки ундан ортиқ хорижий давлатларнинг темир йўл маъмуриятлари билан тузилган шартномалар асосида бериладиган чегирмалар бундан мустасно бўлади. Темир йўл транспортида юкларни ташиш тарифлари бўйича чегирмалар рўйхати 2023 йил 1 декабргача тасдиқланади.

Худди шу фармон билан 2024 йил 1 январга қадар «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва унинг таъсис корхоналари негизида бир нечта ташкилотлар ташкил этилади:

👉 йўл хўжалиги, электр таъминоти, сигналлаштириш ва алоқа, локомотив хўжалиги, ягона диспетчерлик маркази ва юк станциялари иш фаолиятини таъминлаш бўйича «Темирйўлинфратузилма» АЖ;

👉 юк ташиш хизматларини амалга ошириш, юк вагон ва контейнер хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш, мультимодал «эшикдан эшиккача» ташувларни йўлга қўйиш, логистика марказлари ва терминалларини ташкил этиш бўйича «Темирйўлкарго» АЖ;

👉 юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларда йўловчиларни ташиш хизматини кўрсатиш бўйича «Темирйўлэкспресс» АЖ;

👉 «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ таркибида вокзаллар фаолиятини таъминлаш бўйича «Темир йўл вокзаллари» МЧЖ ва шаҳар атрофида йўловчилар ташиш бўйича «Шаҳар атрофида йўловчи ташиш» МЧЖ;

👉 болалар оромгоҳлари, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий ва спорт объектларини сақлаш бўйича «Темир йўл ижтимоий хизматлар» муассасаси.

ℹ️ Сентябр ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятини самарасиз ва эскирган бошқарув, хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, чипталар савдосидаги коррупция ва даромаднинг пастлиги учун танқид қилган эди. Шу билан бирга, давлат раҳбари соҳани ислоҳ қилиш, темир йўл акциядорлик жамиятини холдинг компаниясига айлантиришни маълум қилди. Мирзиёев компанияга Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда юкларни электрон расмийлаштиришни ташкил этиш, вагонларга GPS ўрнатиш, «ягона дарча» тамойили асосида онлайн-омборхонани ишга тушириш бўйича топшириқ берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ