Ўзбекистон ҳукумати яқинда даҳшатли зилзилани бошдан кечирган Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Юкнинг умумий оғирлиги 100 тоннага яқин, деб хабар беради Марказий Осиё республикасининг Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Вазирликнинг аниқлик киритишича, гуманитар юк таркибида ун, буғдой, ёғ, макарон, гўшт маҳсулотлари, гуруч, шакар; чодир ва одеяллар, шунингдек бирламчи тиббий ёрдам учун зарурий барча воситалар бор.
Гуманитар ёрдам зилзиладан энг кўп жабр кўрган Ҳирот шаҳрига My Freighter компаниясига тегишли Boeing-747 самолётида етказилган. Жараёнга Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев раҳбарлик қилган.
Kun.uz хабарига кўра, Тошкентдан келган делегацияни Ҳиротда Афғонистон ҳукумати вакиллари, жумладан, зилзила оқибатларини бартараф этиш комиссияси раиси Шарафуддин Муслим Мавлавий кутиб олган. Мулозим ҳар доим биринчи бўлиб ёрдам берадиган Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирган.
«Сизлар энг яхши қўшнимиз сифатида Аллоҳ юборган оғир синов кунларида ҳар доим ёнимизда турасиз. Буни ҳеч қачон бизни халқимиз эсидан чиқармайди», — деган Мавлавий.
Афғонистон вакиллари шу кунгача БААдан инсонпарварлик ёрдами олганликларини ва Туркиядан ҳам шундай юкларни кутаётганликларини қўшимча қилишган.
ℹ️ 7 октабрь куни Ҳиротдан 40 км ғарбда 6,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу қўшни Бодғис ва Фараҳ вилоятларида ҳам сезилган. Кейин, АҚШ Геология хизмати хабарига кўра, яна 5,9 ва 5,5 магнитудали силкинишлар содир бўлган.
Икки кундан сўнг Афғонистон ғарбида содир бўлган табиий офат қурбонлари сони 2445 кишига етгани маълум қилинди.