Ўзбекистонда 15-19 ёшли қизларнинг 33 фоизи эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли, деган фикрда. Бу ҳақда ЮНИCEФ мамлакатда ўтказилган Кўп кўрсаткичли тадқиқот (MICS)га таяниб хабар берди.
Сўровлар шунингдек, Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг учдан икки қисми (62%) зўравонлик билан тарбиялаш усулларига (жисмоний жазо, психологик тажовуз) учраганини кўрсатди.
10 октабрь куни бўлиб ўтган давра суҳбатида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (ИҲМА), Адлия вазирлиги ва ЮНИСEФ болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилиш учун миллий даражада тезкор ва қатъий чоралар кўришга чақирди.
Қонун Ўзбекистон болалари учун янада хавфсиз ва қулай муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши таъкидланди. У зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўп тармоқли хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни назарда тутади.
«Умуман олганда, қонун қабул қилингандан сўнг унинг амалга оширилиши бутун Ўзбекистон бўйлаб қизлар ва ўғил болалар учун хавфсизликни яхшилаш, ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш ва оилавий маслаҳатлар, руҳий саломатлик ва психо-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаётий кўникмаларга ўргатиш ва хавфсиз уй-жойдан фойдаланиш каби қўллаб-қувватлаш тизимларини такомиллаштириш орқали уларнинг фаровонлигини ҳамда зўравонлик, қўрқув ва зарарлардан ҳимояланишини таъминлайди», — дея таъкидлайди ЮНИCEФ.
Ҳозирда оиладаги зўравонлик ҳолатлари кўпроқ қайд этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг кенжа қизи, ИҲМА директорининг биринчи ўринбосари Шахноза Мирзиёева маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2023 йил бошидан буён Ўзбекистонда вояга етмаганларга нисбатан 1240 та зўравонлик, жумладан 417 та жинсий зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Қўпол муомала натижасида 22 нафар бола ҳалок бўлган.
«Оилавий зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани даҳшатли. Тасаввур қилинг, жорий йилнинг тўққиз ойида қариндошлар, жумладан, яқинлар томонидан болаларга нисбатан 166 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Афсуски, ҳатто расмий статистика ҳам ўлчовни объектив баҳолашга имкон бермайди. Ҳақиқат бундан ҳам баттар», — дея Мирзиёева сўзларини келтиради «Газета.uz».
Унинг таъкидлашича, мактаб, оилада болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида маълум бўлса ҳам, одамлар ҳали ҳам бола тақдирига бефарқлик билан қарашади ва бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органларига ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳам хабар беришмайди.
ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун «Ўзбекистондаги болалар ҳаётини ўзгартириши, уларни ҳимоя қилиши, тарбиялаши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятини бериши»ни таъкидлади.
«Қонун лойиҳасининг тили ва мақсади нафақат қоғоздаги сўзлар, балки Ўзбекистондаги барча болалар ҳаётини ўзгартирувчи куч бўлган болаларни ҳимоя қилишнинг энг юқори стандартларини акс эттириши жуда муҳим», — дейди Регина Де Доминицис.