Қозоғистонда 9 октабрь куни Ёқутистонлик панк мусиқачиси ва фуқаролик фаоли Айхал Аммосов қўлга олиниб, номаълум томонга олиб кетилган. Олмаота полиция департаментининг Orda.kz нашрига маълум қилишича, Аммосов Саха Республикаси (Россия) расмийларининг илтимосига биноан ҳибсга олинган.
«Олмаота полиция департаменти хабар беришича, РФ Ички ишлар вазирлигининг Саха Республикаси бўйича бошқармаси буйруғи билан Олмаота шаҳар криминал полицияси РФ фуқаросини қўлга олган. Экстрадиция масаласи халқаро шартномалар асосида ҳал қилинади», — дея тушунтирди департамент.
Ижтимоий тармоқларда фуқаролик кийимидаги айрим шахслар Аммосовни ушлаб, машинага ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетгани, бундан олдин Қозоғистон хавфсизлик кучлари у билан қизиқиб қолгани ҳақидаги хабарлардан кейин Orda.kz полицияга мурожаат қилган.
«У Остонада рўйхатга олинган ва у ерда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олган, бироқ сўнгги пайтлар Олмаотада яшаган. Айхалнинг айтишича, у рўйхатдан ўтган манзилга номаълум шахслар келиб, у ҳақда сўрашган. Бу сафар улардан бири бўлган бўлиши мумки», — дейди фаол Евгения Балтатарова. — Айхалга «рус армиясини обрўсизлантириш» моддаси қўйилган, бу модда экстрадиция қилишни назарда тутмайди, шунинг учун унинг нима сабабдан ҳибсга олинганини ҳеч ким билмайди».
ℹ️ Айхал Аммосов (паспортига кўра Игорь Иванов) — якут фаоли, шоир ва мусиқачи, Crispy Newspaper панк гуруҳи раҳбари. Ватанида у Россия армиясини обрўсизлантириш моддаси бўйича уч марта жаримага тортилган (РФ Жиноят кодексининг 280.3-моддаси). Ҳар бир жарима миқдори 90 минг рублни ташкил этган. Ўтган йил декабрь ойи охирида Аммосов кўздан ғойиб бўлган ва январь ойида у Қозоғистонга кетганини ижтимоий тармоқларда эълон қилган.
ℹ️ Бу Қозоғистон расмийларининг ўз ватанида жиноий таъқибга учраган россияликларни биринчи марта ҳибсга олиши эмас. 2022 йил декабрида Остона МҲОга қарши бўлган ва унда иштирок этишни истамаган Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Михаил Жилинни Россия расмийларига топширган. Россиялик чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва Қозоғистонда қочқин мақомини олишни мақсад қилган. Жилиннинг илтимоси рад этилган ва у Россия Федерациясига депортация қилинган, у ерда у дезертирлик ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш моддалари бўйича 6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Қалмиғистондан сафарбар қилинган Игорь Санджиев Уралскда бўлиб, чегарани ноқонуний кесиб ўтган. Қозоғистонда у Россия Федерациясига депортация қилишга ҳукм қилинган, бироқ унга қочқин мақомини беришдан бош тортган маҳаллий ҳокимият устидан судга мурожаат қилган ва янги суд жараёнини кутмоқда.
29 ёшли москвалик Наталья Нарская Олмаота тергов изоляторида сақланмоқда, у ўз ватанида Россия армияси ҳақидаги норози баёнотлар туфайли «экстремизмга чақириқлар»да айбланган.