XV Тошкент кинофестивали иштирокчилари Ўзбекистон президентига мурожаатнома йўлладилар

Ёпилиш маросими. Ташкилотчилар фотосурати

«Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалининг ёпилиш маросимидан сўнг форум иштирокчилари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома йўлладилар. Бу ҳақда кинофестивал матбуот хизмати хабар берди.

Кино ижодкорлари ўз мурожаатида фестивалда кўрсатилган меҳмондўстлик ва яратилган шароитлар учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, бундан кейин ҳам соҳа ривожига ҳисса қўшишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.

Кино ижодкорлари Тошкент кинофестивалининг географияси кенгайгани ва ўнлаб хорижий киноижодкорлар иштирокидаги ўзига хос, пухта ўйланган таълим дастурлари амалга оширилганини алоҳида таъкидладилар.

«XV Тошкент кинофестивалида нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатлари киноижодкорларининг ёш авлоди учун маърифий дастурлар ва ижодий учрашувларга алоҳида эътибор қаратилди. 51 давлатнинг таниқли киноижодкорлари 6 минг нафар кино санъати мухлислари учун 50 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказдилар», — дейилади мурожаатномада.

Унинг муаллифлари тегишли инфратузилма ривожланаётганини ҳам таъкидладилар: «Биз Алишер Навоий номидаги Кинематографлар уйи, Кино тарихи музейи, қайта тикланган «Ўзбекфильм» киноконцернининг юқори технологияли павильонларида бўлдик, техник жиҳозлар ва 3D-студиялар, DCP-проекцияли замонавий Тошкент кинотеатрлари билан танишдик. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг очилиши миллий кино келажагига қўшилган муҳим ҳиссадир».

XV Тошкент кинофестивали иштирокчилари сўз якунида Ўзбекистон киноси ривожига ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар: «Биз ўз касбий маҳоратимиз билан кино ривожига ёрдам беришга тайёрмиз. Бу нафақат кино саноатини янада ривожлантиради, балки янги авлод таълим ва тарбиясига ҳам хизмат қилади. XV Тошкент халқаро кинофестивалининг барча иштирокчилари номидан меҳмондўстлик ва яратилган шарт-шароитлар учун сизга самимий миннатдорлик билдиришга, мустаҳкам соғлик ва Янги Ўзбекистон фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларингизда улкан муваффақиятлар тилашга ижозат бергайсиз».

Мурожаатномани икки карра «Оскар» мукофоти совриндори Кевин Спейси (АҚШ), Венеция кинофестивалининг «Олтин шер», Канн кинофестивалининг «Олтин пальма япроғи» мукофотини икки марта қўлга киритган Эмир Кустурица, Венеция кинофестивалининг «Олтин шер» мукофоти совриндори Кшиштоф Занусси (Польша), Берлин кинофестивалининг икки соврини соҳиби Пьетро Марчелло (Италия), Венеция кинофестивалининг «Олтин шер» мукофоти совриндори Александр Сокуров (Россия), «Олтин глобус» мукофоти совриндори Сиддиқ Бармак (Афғонистон/Франция), «Оскар» мукофотига номзод режиссёр Ҳасан Носир (Буюк Британия), француз кино юлдузи Сами Насери, «Олтин бургут» мукофоти лауреати Алексей Учитель (Россия), Грузияда хизмат кўрсатган артист, продюсер ва режиссёр Ираклий Квирикадзе, Россияда хизмат кўрсатган артист Елизавета Боярская, РОСКИНО бош директори Екатерина Наумова, «Тожикфильм» давлат муассасаси директори Маҳмадсаид Шохиён, «Қозоқфильм» АЖ президенти Азамат Сатибалди, Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги кинематография департаменти директори Ақжол Бекболотов , SE-SAM кинопродюсерлари ва сценарий муаллифлари гилдияси раиси Меҳмет Сойарслан (Туркия) ва кинонинг бошқа вакиллари имзоладилар.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ