Қирғизистоннинг янги Таълим ва фан вазири этиб Догдуркул Кендирбаева тасдиқланди. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров 6 октабрь куни фармонни имзолади.
Кендирбаева 28 сентябрдан бери Таълим ва фан вазирлиги раҳбари вазифасини бажариб келаётган эди. У Қирғизистоннинг амалдаги ҳукуматидаги учинчи аёл вазир бўлади, Гулнора Баатирова Меҳнат вазири ва Нурия Кутнаева Рақамли ривожланиш вазири ҳисобланади.
ℹ️ Догдуркул Кендирбаева 58 ёшда. 1991 йили Қирғизистон давлат университетини «тарих ва ижтимоий фанлар ўқитувчиси» мутахассислиги бўйича тамомлаган. Орадан бир неча йил ўтиб, «Йилнинг энг яхши ўқитувчиси-96» республика танловининг вилоят босқичида ғолиб чиққан ва Қирғизистон Республикаси таълим аълочиси унвонига сазовор бўлган. 2012 йил июлидан 2014 йил сентябригача Таълим ва фан вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. Кейин у «Роза Отунбаева ташаббуси» халқаро жамоат фонди ижрочи директори лавозимини эгаллаган ва у ерда у ерда Таълим ва фан вазири вазифасини ижро этувчиси бўлгунга қадар ишлаган.
ℹ️ Қирғизистоннинг аввалги Таълим ва фан вазири Қанибек Иманалиев жорий йилнинг 7 сентябрида «белгиланган меҳнат вазифаларини лозим даражада бажармагани учун» деган тариф билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди. У мазкур лавозимда олти ой ишлаган.