ВДНХ («Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси») да «Ўзбекистон» маданий-кўргазма ва экспозиция маркази тантанали равишда очилди. Бу ҳақда 5 октябрь куни Москва мэрияси матбуот хизмати хабар берди.
Очилиш маросими Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Маросимда Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари, Саноат ва савдо вазири Денис Мантуров, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Москва мэри Сергей Собянин иштирок этди.
Янги маданият маркази 66-сонли «Совет маданияти» павильонида жойлашган. Бино Ўзбекистон ҳукумати буйруғи билан реставрация қилинган. Унда бешта кўргазма зали мавжуд:
👉 «Марказий» – «Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мероси» кўргазмаси;
👉 «Амалий санъат»;
👉 19-20 асрлар рассомлик зали, бадиий қаҳвахона;
👉 «Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти»;
👉 «Янги Ўзбекистон» – анжуманлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш зали.
Павильон миллий услубда безатилган. Унда анъанавий ўзбек рангтасвири, ёғоч ўймакорлиги, миллий кулолчилик буюмлари, матолари, қўлда тикилган гиламларини кўриш, шунингдек Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон шаҳарларининг тарихий жойларига виртуал саёҳат қилиш мумкин.
ℹ️ 66-павилон 1951–1954 йиллари меъмор Стефан Полупанов лойиҳаси бўйича Сталин ампири услубида миллий ўзбек меъморчилиги асосида қурилган. Бино федерал аҳамиятга эга маданий мерос объекти сифатида тан олинган.
«Ўзбекистон ССР» павильонининг тарихий экспозицияси республика иқтисодиётининг турли тармоқлари: пахтачилик, қоракўлчилик, ипакчилик, боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик, шунингдек, Қорақалпоғистон АССР иқтисодиёти ва маданиятига бағишланган бир неча бўлимлардан иборат бўлган. Орқа фасад ёнида «Ўзбеквино» дўкони ва «Ўзбек чойхонаси» ресторани жойлашган эди.
1966 йили павильон «Совет маданияти» номини олган ва кўргазмалар, концертлар учун майдонга айлантирилган. 1990 йиллари бинода сувенирлар, ҳунармандчилик ва заргарлик буюмлари сотиладиган савдо расталари жойлашган. 2010 йиллари павильон реконструкция қилинган. 2019 йили ҳукуматлараро келишувга мувофиқ, маданий кўргазма ва эскпозиция марказини ташкил этиш учун Ўзбекистонга 50 йилга ижарага берилган.
ℹ️ Ҳозирда ВДНХда МДҲ давлатларининг 6 та миллий павильони мавжуд: Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Молдова ва Ўзбекистон.