Қозоғистон Хитой билан фуқароларга оид маълумотлар билан алмашади

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон Сенати Мажлис томонидан ратификация қилинган Қозоғистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ҳукуматлари ўртасида «фуқаролар тўғрисида маълумот алмашиш тўғрисида»ги келишувни маъқуллади. Йиғилиш қонун чиқарувчи орган сайтида намойиш этилди.

Ҳужжат тўрт йўналиш бўйича маълумот алмашишни кўзда тутади: мамлакатга кирган (визасиз тартибда), визалар берган томонларнинг фуқаролари, кириш ва яшаш муддати қоидаларини бузганликлари ҳамда фуқаролик берилган шахслар тўғрисида. Ҳужжатда қайд этилишича, бу маълумотлар мамлакатлар учун икки фуқароликка қарши курашиш ва ноқонуний миграция каналларини бостириш учун зарур.

Битим давлат суверенитети, хавфсизлигига таҳдид, қонун ҳужжатларига ёки халқаро мажбуриятларига зид бўлган ҳолларда сўровлар бажарилишини рад этишни назарда тутади.

Сенат томонидан маъқуллангандан сўнг, Хитой билан келишувни ратификация қилувчи қонун президент имзолаши учун юборилади.

«Фуқаролик ҳақидаги маълумотлар фақат сўров бўйича дипломатик каналлар орқали тақдим этилади. Фамилияси, исми, туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги, миллати, паспорт маълумотлари, фотосуратлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар чоракда тақдим этилади», — дея сенатор Мурат Қодирбек сўзларидан иқтибос келтиради Vlast.kz.

Қозоғистон ИИВ таъкидлашича, ушбу келишув икки давлат ўртасида визасиз режимни ишга туширишда муҳим қадамдир.

«Бу икки келишув бир-бирига боғланган, чунки визасиз ташриф ҳозирдан бошланса, ҳар икки томондан фуқаролар оқими кўпаяди. Ноқонуний миграцияни назорат қилиш учун эса улар (ХХР расмийлари – муҳаррир изоҳи) шартнома имзолашни шартлардан бири қилиб қўйдилар. Ҳозир биз ратификация қиляпмиз ва параллел равишда қонунчилик (визасиз режим тўғрисида – муҳаррир изоҳи) кучга киради», — деб тушунтирди Игорь Лепеха (Sputnik.kz дан иқтибос).

Ўтган йил баҳорида Қозоғистон ва Хитой икки давлат фуқароларини сайёҳлик ва хизмат сафарлари учун виза талабларидан ўзаро озод қилиш бўйича ҳукуматлараро келишув имзолаган эди.

Ҳужжатга кўра, визасиз режим бошқа томон давлати ҳудудига кириш, чиқиш ва транзитга нисбатан қўлланилади ва давлат чегарасини кесиб ўтган пайтдан бошлаб 30 календар кундан ортиқ бўлмаган муддатга тақдим этилади. Бироқ визасиз ташриф ҳали расман жорий этилмаган — келишув ҳар икки томон ички давлат процедуралари бажарилганидан кейин кучга киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ