Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 октабрь куни расмий ташриф билан Россияга келди. Унинг самолёти иш сафари билан Қозон шаҳрига келиб қўнди, деб ёзади Татаристон Раиси сайти.
Қозон аэропортида Мирзиёевни Россия Федерацияси бош вазири ўринбосари – Саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва Татаристон раҳбари Рустам Минниханов кутиб олди.
Мирзиёев Татаристонга ташрифи давомида республика саноат салоҳияти кўргазмаси, Башир Рамеев номидаги юқори технологиялар парки ва бошқа қатор объектларга ташриф буюради ва Қозон Кремлида Миннихонов билан музокаралар ўтказади.
Ўзбекистон президенти ташрифи арафасида Қозон шаҳрида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг учинчи форуми бўлиб ўтди.
Россия томонини Денис Мантуров ва Рустам Миннихонов, ўзбек томонини Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошқарган.
Форумда 700 дан ортиқ бизнес вакиллари, Россиянинг 19 ва Ўзбекистоннинг 12 вилояти вакиллари иштирок этган. Тадбир доирасида Россия-Ўзбекистон ва Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди, ишбилармон доиралар учун контакт биржаси ҳамда «Россия ва Ўзбекистон: тараққиётнинг янги имкониятлари» мавзусида кўргазма бўлиб ўтди.
Форумда Мантуров ва Хўжаев иштирокида саноатнинг турли соҳаларида учта минтақалараро ва еттита тижорат шартномалари имзоланди. Жумладан, Бошқирдистон билан Фарғона ва Жиззах вилоятлари, шунингдек, Татаристон ва Сурхондарё ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режалари.
Россиянинг «Вайлдберриз» савдо майдони иккита меморандум имзолади: Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги билан – онлайн савдо соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида ва Тошкент вилояти ҳокимлиги билан минтақада мультимодал логистика марказини қуриш бўйича.
Россиянинг «Озон» савдо майдони ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида электрон тижоратни ривожлантириш ҳамда трансчегаравий савдо механизмларини такомиллаштириш ва Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
«Тошкент метрополитени» компанияси «ТМХ Интернэшнл» компанияси билан Россиядан метро вагонларини етказиб бериш бўйича келишиб олди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Тошкент-Қозон йўналиши бўйича авиақатновлар сонини еттитага етказиш, ҳар куни рейслар уюштириш, шунингдек ушбу шаҳарлар ўртасидаги темир йўл қатновини тиклашни таклиф қилган. Қатнов 2018 йилда очилганди ва 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли бекор қилинган. Татаристон транспорт вазирлигининг хабар беришича, бу борада Россия темир йўлларига мурожаат аллақачон юборилган.
6 октябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Москвада Россия президенти Владимир Путин ва РФ бош вазири Михаил Мишустин билан учрашуви режалаштирилган.
«Эртага, 6 октябрь куни, Москвада бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашувда икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.
ℹ️ Президент этиб сайланганидан кейин Шавкат Мирзиёев Россияга 12 марта ташриф буюрган: 2017 йили уч марта, 2018 йили икки марта, 2019 йили ва 2020 йили биттадан, 2021 йил ва 2022 йили икки марта, 2023 йили бир марта, дея эслатади ТАСС. Шунингдек, МДҲ саммитларида иштирок этиш учун саккизта сафар амалга оширилган. Мирзиёев ташрифлари давомида Путин билан олти марта икки томонлама учрашувлар ўтказган.