Журналистлар Эмомали Раҳмон қизларидан бири «тиббиёт империяси»ни қурганини аниқлашган

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон оила аъзолари билан. Парвина Раҳмонова – чапдан иккинчи. Суратга олинган вақт номаълум. ozodi.org сайти фотосурати

«Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) журналистлари Тожикистон фармацевтика бозоридаги етакчи компаниялардан бири мамлакат президенти Эмомали Раҳмоннинг бешинчи қизи Парвина Раҳмоновага тегишли эканини аниқлашган.

«Тожикистон президентининг кам танилган қизи тиббиёт империясини қурган, давлат уни молиявий ва пиар томондан саҳоват билан қўллаб-қувватламоқда, Туркиядаги элчи эри эса унга лоббичилик хизматларини кўрсатади», — дейилади «Озоди» материалида.

Sifat Pharma компанияси 2017 йил 2 майда рўйхатдан ўтган ва унинг расмий очилиш маросими 26 сентябрь куни бўлиб ўтган. Ўша куни Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги компания «Беларусь, Эрон ва Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазирликлари ва фармацевтика ишлаб чиқарувчилари билан Тожикистон аҳолисини халқаро стандартларга жавоб берадиган дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича шартномалар имзолаганини» хабар қилган.

Парвина Раҳмонова Sifat Pharmaнинг ягона эгаси. Компаниянинг Тожикистонда 18 та дорихона тармоғи мавжуд. Корхона ташкил этилганидан 2023 йил сентябригача Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бир қатор давлат тиббиёт ташкилотларини дори воситалари билан таъминлаш бўйича 5,5 миллион долларлик давлат шартномаларини тузган. 2018 йилдан буён Sifat Pharma 3,2 миллион долларлик маҳсулотларни – асосан дори воситаларини импорт қилган.

Айнан Sifat Pharma ширкати Тожикистон ҳукумати COVID-19 пандемияси даврида импорт қилган вентиляторлар ва дори-дармонларни сотиб олишида воситачи бўлган.

Sifat Pharmaнинг икки шўъба корхонаси – тиббий кийим ишлаб чиқарувчи Sifat Sanoat ва тиббий хизмат кўрсатувчи Tibbi Tojik (Парвина Раҳмонованинг қизи Рамзиа Гуловага тегишли) 326 минг доллардан ортиқ давлат тендерларида ғолиб чиққан. Раҳмон қизининг ширкати иштирокидаги тендернинг бошқа иштирокчилари унга рақобат яратмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантирилган, деб ёзади «Озоди».

Нашр Парвина Раҳмоновани Раҳмоннинг кўзга ташланмайдиган қизи деб атайди: Тожикистон президентининг бошқа фарзандларидан фарқли ўлароқ, у жамоат арбоби эмас.

«Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин 1990 йиллар бошида Эмомали Раҳмон давлат бошқарувини қўлга олганидан бери унинг фарзандлари, турмуш ўртоқлари ва қайнона-қайноталари катта бойлик соҳибларига айланиб, 10 миллион аҳолига эга Тожикистонда катта сиёсий нуфузга эга бўлишган»,деб ёзади «Озоди».

ℹ️ Эмомали Раҳмоннинг жами тўққиз фарзанди бор: икки ўғил ва еттита қиз.

👉 Икки муҳим лавозим – парламент юқори палатаси раиси ва Душанбе мэри лавозимларини эгаллаб турган 35 ёшли Рустам Эмомали президент сифатида Раҳмоннинг вориси саналади.

👉 Озода Раҳмон президент администрациясига раҳбарлик қилади.

👉 Рухшона Эмомали Тожикистоннинг Буюк Британиядаги элчиси.

👉 Зарина Раҳмон Тожикистондаги энг йирик тижорат банки «Ориёнбанк» раҳбари ўринбосари.

👉 Тахмина Раҳмонова турмуш ўртоғи билан биргаликда Тожикистонда авиачипта сотиш ҳуқуқига эга бўлган ягона компанияга эгалик қилади.

Тожикистон президентининг тўнғич қизи Фируза Раҳмонова ва унинг кичик фарзандлари Фарзона Эмомали ва ўғли Сомон нималар билан шуғулланиши ҳақида хабар берилмаган.