Тўқаев ўз администрациясига мактаблардаги зўравонлик ҳолатларини алоҳида назоратга олишни топширди

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўз администрациясига мактаблардаги буллинг (маълум бир шахснинг доимий таҳқирланиши — тарж.изоҳи) ва зўравонлик ҳолатларини алоҳида назоратга олишни топширди, деб хабар беради Акорда матбуот хизмати.

«Афсуски, ўқувчилар ўртасида тажовузкорлик ва ҳатто зўравонлик ҳолатлари тўхтамаяпти, бу эса ўз навбатида болаларни ўз жонига қасд қилишга ундамоқда. Безорилик болалар ва ўсмирларнинг руҳий ҳолати ва соғлиғига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади, ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатади, ижтимоий муҳитдан четланишга ва руҳий касалликларга олиб келади. Давлат боланинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилишни таъминлаши керак. Безориликни мутлоқ йўқ қилиш керак», — дейди Тўқаев Республика ўқитувчилар қурултойида сўзлаган нутқида.

Президентнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда унга «ўсмирларнинг жиноий психологияси ва айрим ўқитувчиларнинг лоқайдлиги қурбонига айланган» болаларнинг ота-оналари томонидан мурожаат хатлари келиб тушмоқда. Тўқаев бундай мактубларни ўқиш унга осон бўлмаслигини, жабрланган болалар учун «жони оғриётганини» тан олади.

«Мен президент администрациясига жиноятчиларни қонун бўйича жазолаш учун барча бундай ҳолатларни алоҳида назоратга олишни топширдим – бу одамларга бошқа сўз топа олмаяпман. Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ниҳоят болалар хавфсизлиги бўйича ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришлари керак. Болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман бу каби барча ҳолатларни ёзиб, менга хабар бериши керак. Биз энг қаттиқ чораларни кўрамиз», — деган Тўқаев ва бу муаммони бошқа йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Шунингдек, у вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик қилганларга нисбатан қаттиқроқ жазо беришни буюрганини эслатди. «Тез орада бу ташаббус ҳаётга татбиқ этилади», – деган давлат раҳбари. Шунингдек, у ота-оналарга фарзандларини зўравонликка ундамаслик, тартибни бузмаслик, айниқса, ўқитувчилар олдида уларни ҳимоя қилмасликни илтимос қилган.

«Фарзандларга меҳр-муҳаббат туфайли бундай ҳаракатларга беписанд бўлиш келажакда уларни катта фожиага дучор қилиши мумкин. Мактаб интизомини бузувчиларга нисбатан ҳозирданоқ профилактика чоралари кўрилгани маъқул, токи улар келажакда қонунга қарши бўлмасин», — деган у.

Тўқаев мактаб болалар ўзини қулай ҳис қиладиган энг хавфсиз жойга айланиши кераклигини, шу боис барча таълим муассасаларида сигнализация ва видеокузатув тизимлари ўрнатилишини таъкидлаган.

«Яқинда пойтахт мактабларидан бирида ўқувчи оғир жароҳат олган бир воқеа содир бўлди. Бу эса таълим муассасаларидаги шароит ва хавфсизлик талабларига риоя этилмаганидан далолат беради. Кўп йиллар аввал қурилган кўплаб эски мактаблар талаб даражасида эмас. Вазирлик ва ҳокимликлар таълим муассасаларида тўлиқ хавфсизлик текширувини ўтказиши шарт. Янги мактабларни лойиҳалашда барча мавжуд камчиликларни ҳисобга олиш керак», — дея кўрсатма берган Тўқаев.

Президент тилга олган воқеа сентябрь ойи охирида Остонадаги 14-сонли гимназияда юз берган. У ерда талаба иккинчи қаватга кўтарилаётганда зинапоядан йиқилиб тушган. Боланинг айтишича, синфдоши уни туртиб юборган. У ўртача оғир жаҳорат билан шифохонага етказилган.

Яна бир шов-шувли воқеа бир неча кун олдин, Олмаота полицияси шаҳардаги хусусий мактаблардан бирида биринчи синф ўқувчисининг зўрланиши бўйича тергов бошлаганида маълум бўлди. Боланинг зўрлангани ҳақида унинг онаси хабар берган. Ҳозирча бу ишда гумонланувчилар йўқ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ