Бош прокуратура 2023 йили дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 2,5 минг ҳолат қайд этилганини маълум қилди

ekomaktab.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён мораторий эълон қилинганига қарамай, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 2427 та ҳолат қайд этилган. Бу ҳақда Республика Бош прокуратураси хабар берди.

714 та ҳолатда қимматбаҳо дарахтлар кесилган. Зарар миқдори кўрсатилмаган. Аввалроқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати биринчи ярим йиллик статистик маълумотларига таяниб, дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 2000 та қоидабузарлик натижасида етказилган зарар 3,6 млрд. сўмни (300 минг доллар) ташкил этганини хабар берганди.

Бош прокуратура қўриқхоналар ва ўрмон хўжалиги корхоналарида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ўсимликлар режасиз ва назоратсиз йиғиб олиниши натижасида табиий захиралар ва популяцияларининг ўсиш майдонлари қисқариши кузатилётганини қайд этди. Шундай қилиб, Сурхондарё вилояти «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жорий йил июль-сентябрь ойларида 11 550 туп табиий ҳолда ўсувчи «тожик кавраги» доривор ўсимлиги ноқонуний кесилиб, табиатга 5,7 млрд. сўм (475 минг доллар) зарар етказилган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Экология вазирлигининг маълум қилишича, йил бошидан буён мамлакатда фойдаланилмаётган 3,5 минг гектарга яқин ўрмон майдонларига турли ўсимликлар экилиб, 980 тонна дарахт ва бута уруғлари йиғиб олинган.

787 гектар майдонда манзарали ва мевали дарахт ва буталар етиштириладиган кўчатхоналар ташкил этилган.

«Бажарилган ишлар натижасида 101 миллион туп дарахт, жумладан, 32 миллион дона тут, 16 миллион дона терак ва паловния, 53 миллион дона бошқа турдаги манзарали ва мевали дарахт ва буталар етиштирилди», — дейилади Экология вазирлиги хабарида.

ℹ️ 2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда «Яшил макон» дастури ишга туширилган бўлиб, унинг доирасида беш йил давомида мамлакатда бир миллиард дарахт экиш режалаштирилган. Орадан уч ой ўтиб Мирзиёев дастур доирасида дарахт экиш пайтида қўшиб ёзишлар фактларини маълум қилди.

ℹ️ Ўзбекистонда 2019 йил ноябрь ойидан бошлаб дарахт ва буталарни кесишга мораторий жорий қилинган, 2022 йил январидан эса уни бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилган. Шунга қарамай, мамлакатда ўсимликларни йўқ қилиш давом этмоқда. Хусусан, 2022 йили дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш бўйича 4673 та ҳолат аниқланиб, бунинг учун 7 миллиард сўмдан (625 минг доллар) ортиқ жарима солинган, табиатга етказилган зарар 10 миллиард сўмдан (893 минг доллар) ортиқ бўлган.

Шу йилнинг май ойида Ўзбекистон Сенати дарахтларни ноқонуний кесиш учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллаган, бироқ мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев уни қайта кўриб чиқиш учун қайтарган эди. Парламент Қонунчилик палатаси вице-спикери, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодировнинг фикрича, ҳужжатнинг рад этилишига таклиф этилаётган жарима миқдорининг камлиги сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ