Қозоғистон давлат органларида ваҳҳобийлик тарафдори бўлган ходимлар ишлайди ва улар бузғунчи ишлар олиб боришади. Бу ҳақда депутат Эрмурат Бапи парламент йиғилишида тилга олган парламент сўровида сўз юритилган, деб ёзади «Казахстанская правда» нашри.
Депутатнинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча йил ичида «ёт ислом оқимлари» қозоқ жамиятининг ижтимоий ва маиший асосларига путур етказиш хавфи бор ва бу таҳдидлар тобора кенгайиб бормоқда. Бапи «радикал диний оқим» сиёсий тус олаётганидан хавотирда.
«Афсуски, бундай заҳарли исломий оқимлар мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида: Атирау, Ақтўбе, Манғистау, Улитов, Олмаота вилоятларида фаол тарқалмоқда. Бу ҳудудлардаги кичик бизнес, айниқса бозор савдоси билан боғлиқ бўлган корхоналар ваҳҳобийлар – салафийлик тарафдорлари қўлига ўтмоқда. Бу ҳам радикал оқимлар ривожланишини қўллаб-қувватловчи маҳаллий ҳокимият вакиллари борлигидан далолат беради.
Ҳукуматнинг ўзида ваҳҳобийлик ва ёт оқимлар тарғиботини қўллаб-қувватловчи юқори мартабали давлат хизматчилари борлиги ҳеч кимга сир эмас. Агар бу шунчаки миш-мишлар эмас, балки реал вазият бўлса, давлатчилигимиз хавф остида», — деган Эрмурат Бапи.
Депутат Қозоғистон Конституциясига кўра, дунёвий давлат эканлигини, бироқ мамлакатни «зулмат қаърига» туширишни мақсад қилган кучлар борлигини эслатди.
««Эски Қозоғистон» бу таҳдидни давом эттирмоқда. Қозоқ миллий тараққиётига таҳдид солувчи ваҳҳобийлик ғояларини тарғиб қилувчи аҳолининг маълум бир қисмини ўз ичига олган «эски тузум» мамлакатни ижтимоий гуруҳларга бўлиб, имкон қадар ўз ҳокимиятини сақлаб қолмоқчи. Бугун ўша «Эски Қозоғистон» қозоқ миллий анъаналарига ёт бўлган диний мафкура орқали «Янги Қозоғистон»ни оёқ ости қилиш ниятида. Бу нимага олиб келаётганини январь воқеалари давомида кўрдик», — деди у.
Бапи ўз сўзининг охирида ҳукуматда диний сабабларга кўра жамиятда бўлиниш хавфига қарши чора-тадбирлар режаси борми, вазирлар Қозоғистон Республикасининг 2011 йили қабул қилинган «Диний фаолият тўғрисида»ги қонунига тегишли ўзгартиришлар киритмоқчими, деган саволни ўртага ташлаган.
Tengrinews.kz хабарига кўра, бугун бир неча депутатлар ўз сўровларида TikTokдан миллий чолғу домбра «ҳаром» деб аталган провокацион видеони тилга олишган. Видео сентябрь ойи бошида ижтимоий тармоқларда тарқалган. Унда қиз беш ёшидан домбра чалаётганини, бироқ энди бу асбоб «ҳаром» эканлигини англаб, мусиқадан воз кечганини айтган.
Депутатлар Наврўз байрами билан боғлиқ сўнгги хуружларни эътибордан четда қолдиришмади – ўтган йил баҳорида блогерлардан бири уни нишонлаётган қозоғистонликларни тавба қилишга чақирган.
«Ўзига хос маданиятимиз ва миллий тарбиямизга эътибор қаратсак, ёт оқимлар бостириб киришини тақиқласакгина маънавиятли авлодни вояга етказа оламиз, деб ўйлайман», — дейди бу борада ҳукмрон Amanat партияси депутати Аманжол Алтай.
Шу йилнинг март ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев вилоят ва шаҳарлар ҳокимларига диний соҳадаги ишларни кучайтириш бўйича топшириқ берган эди. Хабарда айтилишича, давлат раҳбари анъанавий исломни қозоқ халқи дунёқарашига мос равишда улуғлаш, унинг илмий-назарий асосларини ривожлантиришга чақирган.