Қозоғистон ҳукумати Россия газининг Ўзбекистонга транзитини аввал режалаштирилганидек 1 октябрдан эмас, балки октабрь охиригача бошлаш ниятида. Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев брифингда маълум қилишича, республика ҳудудидаги газ қувурини таъмирлаш ҳали тугалланмаган. Қолаверса, Қозоғистонга ҳали Ўзбекистон томонидан ариза келиб тушмаган.
«Ҳозирда Қозоғистон ҳудудида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари якунланмоқда. Улар қурилиш ишлари, газни ҳисобга олиш учун алоҳида чизиқ ажратиш билан боғлиқ. Ўйлайманки, яқин вақт ичида бу ишлар тугаллангандан сўнг транзит бошланганини эълон қилишимиз мумкин», — деди Саткалиев Россия газининг Ўзбекистонга етказиб бериш муддати ҳақидаги саволга жавоб берар экан (ТАСС келтирган иқтибос).
Унинг сўзларига кўра, «жадвалга мувофиқ, иш шу ой охиригача якунланиши керак».
«Газ ҳажми Ўзбекистон томонининг аризасига мувофиқ келишиб олинади. Мурожаатни олишимиз билан биз транзитнинг аниқ ҳажмини маълум қиламиз», — дея қўшимча қилган вазир.
25 сентябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия газини Қозоғистон орқали олиб кириш учун зарур инфратузилмани ҳозирлагани, мамлакат 1 октябрдан газ олишга тайёрлигини маълум қилганди. Қозоғистон Энергетика вазирлиги ҳам худди шу сана ҳақида гапирганди.
Шунингдек, Россиядан йиллик газ импорти 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши маълум қилинган. Ёқилғи узунлиги қарийб 820 километр бўлган САЦ-4, САЦ-5 («Марказий Осиё – Марказ») магистрал газ қувурлари трассаси орқали етказиб берилади.
ℹ️ Россия ҳукумати ҳузуридаги Миллий энергия хавфсизлиги жамғармасининг етакчи таҳлилчиси Игор Юшков октабрь ойи бошидаги етказиб бериш йўқлигини изоҳлар экан, Publico ресурсига берган интервьюсида Ўзбекистон ҳали Россия газига муҳтож эмаслигини айтган. Унга бўлган эҳтиёж истеъмолнинг энг юқори даврларида пайдо бўлади.
Юшковнинг эслатишича, ўтган қиш мавсумида Ўзбекистонда совуқ ҳаво бошланганида, ҳаттоки экспортдан бош тортган тақдирда ҳам кунлик истеъмолни қоплаш учун ўз гази етарли эмас эди, чунки газ қазиб олиш камайиб, аксинча, истеъмол ошган. «Энг чўққи паллада газ етарли эмас эди. Шунга кўра, иситиш мавсуми бошланиши биланоқ Россия гази керак бўлади», — дея хулоса қилди эксперт ва «бу ерда сиёсатни излашнинг ҳожати йўқ»лигини қўшимча қилди.