Қозоғистонда йил охирига қадар мудофаа корхоналарини қўллаб-қувватлаш жамғармаси пайдо бўлади

Қозоғистонда йиғилаётган «Арлан» зирҳли машинаси. Paramountgroup.com сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун Мудофаа-саноат комплексини ривожлантириш жамғармасини тузиш қарорини тасдиқлади. Ҳукумат йиғилишида республика Бош вазири Алихон Смаилов жамғарма йил охиригача пайдо бўлишини маълум қилди, деб хабар беради Kazakhstan today.

Ҳукумат раҳбари, шунингдек, ўтган ҳафта Қозоғистонда илк бор «Иннопром» халқаро саноат кўргазмаси ўтказилганини, унинг асосий мавзуси янги давр саноат стратегияси бўлганини ҳам эслатди.

«Глобал тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, Саноат вазирлиги ва манфаатдор давлат идоралари корхоналарда инновацион технологияларни жорий этишни рағбатлантириш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқиши керак», — деди Қозоғистон Бош вазири.

Сентябрь ойи бошида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маҳаллийлаштиришнинг юқори улушига эга мудофаа ишлаб чиқариш циклини яратиш Қозоғистоннинг импортга қарамлигини камайтирадиган энг муҳим вазифа эканини айтди.

Қозоғистон армияси юқори технологияли қурол-яроғ ва ҳарбий техника, жумладан зирҳли техника, учувчисиз учиш аппаратлари ва замонавий ўқ отиш қуроллари билан таъминланиши керак, деди Тўқаев.

Бугунги кунда Қозоғистонда ҳарбий техниканинг тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга корхоналар мавжуд эмас.

ℹ️ Саноат ва инфратузилмавий ривожланиш вазирлиги 2022 йил декабрь ойида Мудофаа саноатини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлади. Мазкур жамғарма фаолиятининг асосини маҳаллий илмий-техник ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва ҳарбий-саноат комплекси ташкилотларини модернизация қилишдан иборат бўлади.

ℹ️ 2019 йили Қозоғистоннинг ҳарбий бюджети 1,8 миллиард доллар, 2020 йили – 1,5 миллиард, 2021 йили – 1,6 миллиард, 2022 йили – 1,1 миллиард долларни ташкил этган. Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) маълумотларига кўра, 2019 йилдан буён Қозоғистон ялпи ички маҳсулотидаги ҳарбий харажатлар улуши ҳам пасайиб бормоқда. 2019 йили бу кўрсаткич 1,02 фоиз, 2020 йили 0,91 фоиз, 2021 йили 0,82 фоиз, 2022 йили 0,51 фоизни ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ