Самарқандда Тошкент кинофестивалининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди

Ёпилиш маросими. Ташкилотчилар фотосурати

2 октабр куни Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасида жойлашган «Абадий шаҳар» ҳудудида «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Кинофестивалнинг қизил гиламидан дунёнинг турли бурчакларидан келган юзлаб машҳур режиссёрлар, жумладан серб режиссёри ва мусиқачиси Эмир Кустурица, америкалик актёр Кевин Спейси, польшалик режиссёр ва продюсер Кшиштоф Занусси, француз актёри, «Такси» фильми франшизаси юлдузи Сами Насери, россиялик режиссёрлар Александр Сокуров ва Алексей Учитель, ўзбек режиссёри Али Хамраев, турк актёри Жалол Ал, италиялик режиссёр Пьетро Марcелло ўтишди.

Александр Сокуров. Ташкилотчилар фотосурати

Маросим айланма амфитеатр саҳнасида замонавий рақс ансамблларининг чиқишлари билан бошланди, сўнгра лазерли шоу бўлиб, мушаклар отилди. Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов табрик сўзи билан чиқди.

«Дўстлар, ушбу ажойиб кинофестивалда беш кун давомида бирга бўлганингиз учун ташаккур. Биз — мезбон, сиз — меҳмонларимизсиз. Унутилмас кунларни ўтказдик, бу бизни янада яқинлаштирди ва бизни янада профессионал қилди. Асарларингизни олиб келиб, Ўзбекистон халқига кўрсатдингиз. Халқ сизга миннатдорлик билдиради. Айниқса, ёшлар. Сизнинг иштирокингизда олти минг бола маҳорат дарсларида қатнашди.

Ўз навбатида, фестивалимизни мана шундай юқори савияда ўтказиш учун яратилган барча шароитлар учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга сизнинг номингиздан миннатдорлик билдираман. Ҳукуматимизга, фестивални ташкил этишда иштирок этган бошқармаларга, Самарқанд вилояти ҳокимлигига, Silk Road Samarkand туристик маркази раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Меҳмонлар учун учрашувлар ва улар учун тадбирлар ташкил этишда иштирок этган ҳомийларимизга миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, кўнгиллилар ва техник ходимларга миннатдорчилик билдирамиз. Ҳаммага раҳмат!», — деди Абдухолиқов.

Абдуҳолиқов ва жюри. Ташкилотчилар фотосурати

Кейин мукофотлар тақдимоти бўлиб ўтди. «Жаҳон кинематографияси ривожига қўшган ҳиссаси учун» мукофоти режиссёрлар Ираклий Квирикадзе, Александр Сокуров ва Пьетро Марселога топширилди. Туркманистонлик режиссёр Саҳисалиқ Байрамов ва қирғизистонлик режиссёр Актан Арим Кубат Турк дунёси кинематографчилар уюшмасининг мукофотларига сазовор бўлишди. Ўзбек киноси ривожига қўшган ҳиссаси учун Европа Иттифоқи кинофестивалининг махсус мукофоти Акбар Бектурдиевга насиб этди. «Жасорат» фильми учун ўзбекистонлик режиссёрлар Шуҳрат Маҳмудов ва «Самарқандда қовунлар таровати» фильми учун Али Ҳамроевга Самарқанд вилояти ҳокимлигининг махсус мукофотлари топширилди.

«Марказий Осиё киноси» танловида ўзбекистонлик режиссёр Шокир Холиқовнинг «Якшанба» фильми ғолиб бўлди. Совринни ғолибга Эмир Кустурица топширди.

Кевин Спейси «Энг яхши дебют» мукофотини қозоғистонлик режиссёр Максим Акбаровга «Дашт» фильми учун топширди. «Энг яхши режиссёр» мукофоти «Биродарлар» фильми учун қозоғистонлик кинематограф Дархан Тулегеновга насиб этди.

«Энг яхши аёл роли» мукофоти қирғизистонлик актриса Таалайкан Абазовага «Эсимда қолганлари ҳақида» фильмидаги роли учун берилди. Актрисага мукофотни Сами Насери топширди. «Энг яхши эркак роли» йўналишида ҳам соврин Қирғизистон вакили Дўстон Айбекга «Қақра ҳиди» фильмидаги роли учун берилди. Тожикистонлик режиссёр Муҳиддин Музаффар «Омад» фильми учун Тошкент халқаро кинофестивалининг дирекциясининг махсус мукофотига сазовор бўлди.

Кинофестивалнинг якунлаш маросимида Эмир Кустурица ўзининг No Smoking Band гуруҳи билан концерт берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ