Олмаота полицияси хусусий мактабнинг биринчи синф ўқувчиси зўрлангани бўйича жиноий иш очди

freepik.com сайти фотосурати

Полиция Олмаотадаги нуфузли мактабда 1-синф ўқувчисининг зўрланиши бўйича тергов бошлади, деб хабар берди шаҳар полиция департаменти (ПД) матбуот хизмати.

Тергов Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 121-моддаси 3-қисми (жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари) бўйича олиб борилмоқда. Суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Ишнинг объектив ҳолатларини аниқлашга қаратилган тергов-тезкор тадбирлари комплекси олиб борилмоқда. Тергов жараёни Олмаота полиция департаменти раҳбариятининг алоҳида назоратида, дейилади хабарда.

Нурсултон Назарбоев номидаги таълим жамғармаси филиали ҳисобланган Олмаота халқаро мактабида ўқувчининг зўрлангани ҳақида аввалроқ ижтимоий тармоқларда хабар берилган эди. Ўқувчининг онаси видеомурожаат қилиб, 12 сентябрь куни ўғли дарсдан сўнг йиртиқ шим ва кийимида оқ доғлар билан уйга қайтганини айтган. Болани кўздан кечиргач, аёл полицияга қўнғироқ қилиб, ариза ёзган.

ORDA.kz хабарига кўра, бола суд-тиббий экспертизадан ўтказилган. Боланинг мактабдан қайтган кийимлари экспертиза учун юборилган. Ҳозир бола билан психолог ишламоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, жароҳатланган боланинг онаси бошқа ўқувчиларни ҳимоя қилиш учун ота-оналар чатида воқеа ҳақида ёзган, шундан сўнг таълим муассасаси маъмурияти директор бошчилигида йиғилиш ташкил қилган. Унда ўқитувчилар, аёлнинг сўзларига кўра, уни мазкур воқеани оммага ошкор қилгани учун танқид қилишган.

Айни пайтда, Олмаота халқаро мактабининг Instagramдаги (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) аккаунтида таълим муассасаси «терговга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши» қайд этилган. Маъмурият тергов органларига видеокузатув камераларидаги барча керакли ёзувларни тақдим этган. Ўқувчиларнинг ота-оналарига видеоёзувларни кўриш имконияти берилган. Бундан ташқари, мактабда қўшимча бешта камера ўрнатилган.

«Мактаб директорининг ота-оналар йиғилишида «ифлос чойшабни жамоат жойида ювманг» деган гаплари ҳақиқатга тўғри келмайди»,дея таъкидлайди муассаса.

Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Динара Закиева ҳам ўзининг ижтимоий тармоқларида прокуратура ва ушбу иш бўйича тергов билан ҳамкорликда иш олиб бораётганига ишонтирди. Ўз навбатида, Қозоғистон Республикаси Таълим вазирлигининг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси жабрланган оилага ёрдам таклиф қилинганини таъкидлайди.

Олмаота халқаро мактаби 2000 йили ташкил этилган. У 1-синфдан 11-синфгача бўлган бошланғич ва ўрта мактабларда Қозоғистон Республикаси давлат таълим стандарти ва Халқаро бакалавриатнинг интеграциялашган дастурлари бўйича ўқитишни таъминлайди.

Қозоқ мактабларида вақти-вақти билан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ можаролар юзага чиқади. Энг шов-шувли ҳолатлардан бири 2018 йили Абай қишлоғида содир бўлган, унда тўрт нафар ўрта мактаб ўқувчиси биринчи синф ўқувчисини бир неча бор уришган, сўнг зўрлаган. Ўшанда содир бўлган воқеа энг юқори даражадаги муҳокама мавзусига айланган ва болалар омбудсмани Загипа Балиева лавозимидан айрилган. Гап шундаки, маҳаллий полиция узоқ вақт давомида боланинг бувисининг мурожаати асосида иш қўзғатишдан бош тортган. Маҳаллий расмийлар ушбу воқеани шарҳлар экан, экспертиза зўравонлик фактини тасдиқламаганини ва бувиси мустақил экспертиза ўтказиш учун Олмаотага боришга қарор қилганида полиция ходимлари уни набираси билан поезддан тушириб қолишган. Бу бола ҳуқуқлари бўйича вакил Загипа Балиеванинг буйруғи билан болани ҳимоя қилиш баҳонасида амалга оширилгани хабар қилинган эди. Фаоллар президентга омбудсманни ваколатларидан маҳрум этишни сўраб мурожаат ёзишган ва орадан уч ой ўтиб Нурсултон Назарбоев (ўша пайтда давлат раҳбари эди) Балиевани ишдан бўшатган. Бу иш бўйича тўртта гумонланувчидан фақат биттаси суд мажлисига етиб борган, у етти йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Маълумотларга кўра, қолган айбланувчилар жиноят содир этилган вақтда 14 ёшга тўлмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ