МДҲ киноижодкорлари Тошкент кинофестивалида тараққиёт истиқболларини муҳокама қилдилар

Форум. Ташкилотчилар фотосурати

Янги Renessans кинотеатрлар уйида XV Тошкент кинофестивали доирасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари кинематографлари директорлар кенгаши томонидан «МДҲ мамлакатларида кинематографияни ривожлантириш истиқболлари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда кинофестивалнинг расмий сайти хабар берди.

Форумда «МДҲ ва Грузия давлатлари киностудиялари халқаро ижодий уюшмаси» аъзолари, жумладан, Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, «Қозоқфильм» президенти Азамат Сатибалди, Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳузуридаги Кинематография департаменти директори Оқжол Бекболотов, «Туркманфильм» директори ўринбосари Саҳисалиқ Байрамов, «Тожикфильм» давлат муассасаси директори Маҳмадсаид Шохиён, «ЛенДок» киностудияси директори Алексей Телнов, таниқли беларуслик продюсер ва кинооператор Владимирно Крачевский, Қозоғистон Кинематографлар уюшмаси раиси ўринбосари Канат Торебай иштирок этди.

Барча сўзга чиққанлар ҳамкорликда фильмлар яратиш, шунингдек ёшлар билан ишлашда ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратдилар. Хусусан, Крачевский «Кино беш кун ичида» ноёб ёшлар танловининг муҳимлигини таъкидлади ва шу каби танловни бошқа кинофестиваллар дастурларига киритишни таклиф қилди.

«Бу кино ижодкорлари ўртасидаги муносабатларни ўрнатади. Бу бизни бир-биримизнинг муаммоларимизни, бир-биримизнинг ўзига хос хусусиятларимизни тушунишга ўргатади», — деди Кричевский.

Беларуслик кинорежиссёр, шунингдек биргаликда ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилаётганини таъкидлади, аммо ижодкорлар кўпинча турли мамлакатларнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси ҳақида саволларга дуч келишади. Биз тарқатиш ва муаллифлик ҳуқуқлари ҳақида гапиряпмиз. Крачевский шунингдек сценарийларни тайёрлаш ва фильмлар яратишда турли мамлакатлардаги ўзига хос менталитетга эътибор беришни таклиф қилди.

Азамат Сатибалди кино манфаати учун бирлашиб, биргаликда ҳаракат қилиш вақти келганини айтди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, фильмларни турли мамлакатларда тарқатиш лозим. Сатибалди ҳам кинофестиваль ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб, барчага омад ва муваффақиятлар тилади.

Маҳмадсаид Шохиён ва Саҳисалиқ Байрамовлар ҳам ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, иштирокчиларга муваффақиятлар тиладилар ҳамда тез орада ўз мамлакатларида кинофестиваллар ўтказилишини эълон қилишди. Шу йилнинг кузида Душанбеда «Тожи Сомон» кинофестивали бўлиб ўтади, 2024 йили Ашхободда шоир ва файласуф Махтумқули Фрагининг 300 йиллигига бағишланган кинофестиваль ўтказилиши режалаштирилган.

Фирдавс Абдухолиқов ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб, ёш киноижодкорлар тарбиясига эътибор қаратишга чақирди.

«Биз кинони янада яхшилаш, уни томошабинларимизга, халқимизга яқинроқ қилиш учун кучларни бирлаштириш ҳақида гапиряпмиз – бу бизнинг асосий вазифамиз. МДҲ давлатлари кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилади: қўшма корхоналар, заводлар, фабрикалар фаолият кўрсатмоқда. Кинематография соҳаси ҳам бундан мустасно эмас, айниқса, ҳали фойдаланилмаган захира жуда кўп. Буни биздан, форумда иштирок этаётган масъул шахслардан бошқа ҳеч ким қилмайди. Бизнинг МДҲ давлатлари кинематографчилар уюшмасининг ўзига хос дастури бўлиши керак. Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистонлик биродарларимизни ҳамкорликда фаолроқ иштирок этишга чақирамиз. Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этишини унутмаслигимиз керак. Ва бу бизнинг асосий томошабинимиз. Биз ёш киноижодкорларга кўпроқ фильм яратишга ишонишимиз керак. МДҲ давлатларидан ёшларни биз билан бирга ўқишга таклиф қиламиз. Бизда президентнинг кино таълими тўғрисидаги фармони бор, унда бошқа нарсалар қатори ёшлар киноакадемияси ташкил этиш ҳақида ҳам сўз бор. Болливуд университети билан музокаралар олиб борилмоқда, Франция кино академияси билан ишлаяпмиз, туркиялик ҳамкасблар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида келишиб олдик, Нью-Йорк кино академияси билан доимий алоқа ўрнатиш режалаштирилмоқда. Мамлакатларимизда ўтказилаётган кинофестиваллар доирасида ёшларга оид тадбирларни ташкил этиш зарур. Келинглар, бир-биримизга борди-келди қилайлик ва делегацияларимизнинг камида учдан бир қисми ёшлардан иборат бўлсин. Ишончим комилки, 10-15 йилдан кейин биз ҳамкорликда чўққилар забт этилишини кўрамиз», — деди Абдухолиқов.

Форум якунлари бўйича Владимир Кричевскийни «МДҲ ва Грузия киностудиялари халқаро ижодий уюшмаси»нинг мувофиқлаштирувчиси ва ижрочи директори этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундай қилиб, ташкилот ижроия қўмитаси Минскда, бош қароргоҳи Тошкентда жойлашади.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ