Қозоғистон Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар режимига амал қилади. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Германия канцлери Олаф Шольц билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади ТАСС.
«Санкцияларни четлаб ўтиш эҳтимоли бўйича Қозоғистон санкция режимига амал қилишини аниқ маълум қилди, санкциялар режимига риоя қилиш учун тегишли ташкилотлар билан алоқаларимиз бор», — деди Тўқаев. «Менимча, немис томонида санкциялар режимини четлаб ўтишга қаратилган эҳтимолий ҳаракатлар бўйича хавотир бўлмаслиги керак», — дея қўшимча қилган у.
Шольц ўз навбатида, Қозоғистон ҳукумати Ғарбни санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш ҳаракатларида қўллаб-қувватлаётганидан мамнунлигини билдирди.
Тўқаев расмий ташриф билан Германияда. Шольц билан музокаралардан сўнг Марказий Осиё ва Германия давлат раҳбарларининг учрашувида иштирок этишни режалаштирган. Бундан ташқари, Тўқаев Berlin Global Dialogue халқаро форумида нутқ сўзлади ва Германия ишбилармон доиралари вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари илк бор 2014 йили жорий қилинган ва шундан сўнг йилига икки марта – январь ва июль ойларида – олти ойга узайтирилган. 2022 йил 24 февралдан бошлаб, Украинада махсус ҳарбий операция бошланганидан сўнг, ушбу режим доирасида Россияга қарши 11 та санкция пакети жорий этилди. Гап экспорт чекловлари, Россиянинг йирик банкларига нисбатан санкциялар, шунингдек, Россиянинг 207 миллиард евролик активларини музлатиш ҳақида бормоқда.
Қозоғистон раҳбарияти аввалроқ Москвага бу санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермаслигини бир неча бор таъкидлаган эди. Шу билан бирга, Россия Бош вазири Михаил Мишустин аввалроқ Россия ва Қозоғистон ўртасидаги товар айланмаси 2022 йилда рекорд даражадаги 2 триллион рублни ташкил этганини таъкидлаган эди. Бу тенденция жорий йилда ҳам кузатилмоқда – 2023- йилнинг дастлабки тўрт ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми, Мишустиннинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тўққиз фоизга ўсиб, деярли 716 миллиард рублни ташкил қилган.